ИСЛОМОБОД, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Покистон оммавий ахборот воситалари 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё"АА мухбири.
Жумладан, ушбу мамлакатнинг "Diplomatic News Agency – DNA" ахборот агентлиги, "The Diplomatic Insight" журнали, "Islamabad Post", "Daily Spokesman" ва "Daily Ittehad" газеталари, "The Gulf Observer", "Election Times", "Europe Today", "NewzTodays" ва "WorldNews" сингари етакчи оммавий ахборот воситалари ушбу мавзудаги материалларни эълон қилди.
Уларда қайд этилишича, форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади.
"Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда", – деб ёзилган материалларда.
Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳамда "Тараққиёт стратегияси" марказидир. Шунингдек, халқаро ҳамкорлар БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси ҳисобланади.
"Хусусан, халқаро шериклар сафида, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, шунингдек, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фондларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари бор", – дея таъкидлаган Покистон ОАВ.
- Қўшилди: 19.06.2024
- Кўришлар: 1902
- Чоп этиш