Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти доимий қўмитаси раиси ўринбосари Ц. Цзяньго бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўз навбатида, Ц. Цзяньго илик ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Хитой ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чуқур рамзий маънога эгалигини, унинг давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос тажриба шаклланганини, айниқса, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар уч баравардан ортиқ кўпайганини эътироф этди.
Шунингдек, Хитой жамияти доимий қўмитаси раиси ўринбосари амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси тубдан ўзгаргани, инсон, унинг кадри ва манфаатларини ифода этадиган мутлақ янгича муносабатлар кириб келганини юқори баҳолади.
Унинг сўзларига кўра Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги диққатга сазовор. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитойда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига қаратилган дастурларнинг мақсад ва вазифалари ҳам ўхшаш.
Самимий ва дўстона рухда ўтган учрашувда томонлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
«Халқ сўзи».
- Қўшилди: 30.07.2024
- Кўришлар: 1391
- Чоп этиш