18-19 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон вилоятидаги давлат олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш сифати юзасидан мониторинг ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалий ишлар олиб бормоқда.
Бунда асосий эътибор аҳоли, хусусан, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бўлиб, таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича билимлар янада мустаҳкам ўқитилишини назарда тутади. Пировард натижада фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини онгли равишда ҳурмат қилишига эришиш кўзланган.
Бу борада мониторинг ўтказиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ишчи гуруҳ Андижон давлат университети ва Андижон давлат педагогика институтида таълим жараёнларини кузатиб, дарслар жараёнини ўрганди.
Масъул шахсларга таълим сифати бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Мониторинг доирасида ўқитувчилар ва талабалар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жараёни ҳақида сўровнома ҳам ўтказилди. Натижалар асосида таҳлиллар амалга оширилиб, тегишли тавсиялар Андижон вилоятидаги таълим муассасаларига тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.09.2024
- Кўришлар: 894
- Чоп этиш