21 сентябрь куни Наманган давлат университетида БМТнинг Қийноққа қарши курашиш конвенцияси 40 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Наманган вилояти прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Иштирокчилар БМТ Конвенциясининг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Қийноқларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларнинг янада кучайтирилиши зарурлиги қайд этилди.
Қийноқлар нафақат инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига жиддий зарар етказиши, балки жамиятнинг умумий барқарорлигига ҳам таҳдид солиши билан боғлиқ ташвишли масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Қийноққа дуч келган инсонларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва уларнинг ижтимоий ҳаётга қайтишлари учун зарур шароитларни яратиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев мазкур Конвенциянинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва аҳамиятини ёритиб берди. Маърузачи, жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя тизимини янада кучайтиришдаги роли ҳақида батафсил тўхталди.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан Наманган давлат университети кутубхонасига инсон ҳуқуқларига оид бир туркум янги китоблар беғараз тақдим этилди.
Мазкур олий ўқув юрти раҳбарияти ушбу адабиётлар долзарб юридик манбалар сифатида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга катта ёрдам беришини эътироф этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.09.2024
- Кўришлар: 875
- Чоп этиш