Халқимизда: “Меҳнатнинг таги роҳат”, – деган пурҳикмат мақол бор. Узоқ йиллар элимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз ривожи йўлида ҳалол меҳнат қилиб, нафақа ёшига етгач, иззат ва ҳурматда кексалик гаштини сураётган, шу билан бирга, панд-насиҳатларию бой ҳаётий тажрибаси билан шогирдлар тарбиялаётган нуронийларимизга қараб бу мақолнинг нақадар тўғрилигига амин бўламиз. Дарҳақиқат, инсон қадри улуғ бўлган Янги Ўзбекистонда ҳалол пешона тери билан обрў топган ҳеч бир инсон давлатимизнинг эътиборидан четда қолмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 2017 йилда таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони пок меҳнати билан қадр ва шараф топган юртдошларимизга халқимиз ва давлатимизнинг кўрсатган юксак эҳтироми тимсолидир. Президент қарорида таъкидланганидек, ушбу кўкрак нишонини таъсис этишдан кўзланган мақсад:
биринчидан, мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни;
иккинчидан, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлашдан иборат.
Ҳар йили “Нуроний” жамғармасининг Васийлик кенгаши қарори билан, юзлаб ватандошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Улар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фахрийлари ҳам мунтазам эътироф этиб келинаётгани, албатта, қувонарлидир.
Хусусан, жорий йилда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали катта муҳаррири Виталий Кан I даражали, Миллий марказ ходимлари Гулбаҳор Абдуллаева ва Рустам Ҳусанов II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. 19 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида бўлиб ўтган тантанали тақдирлаш маросимида уларга кўкрак нишонлари топширилди.
Шунингдек, тадбирда 50 га яқин давлат муассасаларининг 164 нафар фахрийларига, шу жумладан, профессор-ўқитувчилар, олимлар, тиббиёт, халқ таълими, қишлоқ хўжалиги, маданият ва санъат соҳаси вакилларига ушбу шарафли мукофот тақдим этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев ва унинг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, шунингдек, мамлакатимизнинг фан, маданият ва санъат соҳаларидаги илғор зиёлилари иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари бошчиликларида ибратли меҳнати билан элда эъзоз топган кекса авлод вакилларини доимий қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик қилиш борасида мамлакатимизда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, нуронийларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш, турли маданий тадбирлар ташкил этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга катта эътибор қаратилмоқда. Меҳнат фахрийлари эса бугунги инсонпарвар ва халқчил ислоҳотлар руҳига ҳамоҳанг тарзда ўз билим ва тажрибалари, куч-ғайратларини сафарбар этиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Тадбир доирасида меҳнат фахрийлари учун концерт дастури ҳам ташкил этилди. Халқимизнинг севимли санъаткорлари маҳорат билан ижро этган куй-қўшиқлар нуронийларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Ҳамидулла МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази касаба уюшмаси қўмитаси раиси
- Қўшилди: 22.10.2024
- Кўришлар: 822
- Чоп этиш