“ХИТОЙ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” ҲАМКОРЛИК ФОРУМИ:
Янги даврнинг қамровдор стратегик муносабатларини изчил ривожлантириш йўлида
Жорий йил 25-26 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Иньчуан шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” ХI ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Ушбу минтақавий анжуманда иштирок этган мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал САИДОВ билан Форум тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, бугунги кунда дунё нафақат турли таҳдид ва хатарлар, балки улкан имкониятларни ҳам ўзида мужассам этган глобал ўзгаришлар даврига қадам қўйди, – дейди А.Саидов. – Шу маънода, даставвал “Хитой – Марказий Осиё” ХI ҳамкорлик форумининг учта муҳим хусусиятига эътибор қаратиш лозим.
Биринчи хусусияти: бу галги “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми Ўзбекистон-Хитой муносабатларида янги давр бошланган тарихий бир шароитда бўлиб ўтди. Гап шундаки, Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи якунлари бўйича ҳар икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатлари “янги даврда барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик”га кўтарилиши учун улкан шижоат бахш этилди.
Шунингдек, 2024 йил июль ойида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари қўшни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги учрашувларнинг мунтазам ташкил этилаётганлиги икки мамлакат халқлари манфаати учун ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада янги йўналишларни кўрсатиб беришга хизмат қилмоқда.
Иккинчи хусусияти: ушбу Форум жорий йилда ўн биринчи марта ўтказилди. Бу, бир томондан, Форумнинг аллақачон анъанавий аҳамият касб этганини кўрсатса, иккинчи томондан, Хитой ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун бундай ҳамкорлик формати зарурлигини амалда тасдиқлайди.
Учинчи хусусияти: мазкур минтақавий ҳамкорлик анжумани айнан Иньчуан шаҳрида ташкил этилди. Иньчуан – Хитойнинг қадимий ва машҳур шаҳарларидан бири бўлиб, ўзининг ғаройиб тарихи ҳамда гўзал табиат манзаралари билан ажралиб туради.
Айни чоғда бу ўта замонавий “ақлли шаҳар”да ранг-баранг маданиятлар ўз мужассамини топган. Шу боис ҳақли равишда Иньчуан –Буюк ипак йўлининг дурдоналаридан бири сифатида улуғланади.
– Хитой билан ҳамкорлик алоқаларимизни ривожлантиришнинг моҳияти ва аҳамияти нимада?
– Шу йил октябрь ойининг бошида бутун жаҳон ҳамжамияти хитой халқи билан ҳамжиҳатликда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганлигининг 75 йиллигини нишонлади. Ана шу тарихан қисқа даврда Хитой ўз тараққиётида мисли кўрилмаган даражада улкан ютуқларга эришди.
Хитой Халқ Республикаси қашшоқ ва қолоқ мамлакатдан жаҳон иқтисодий ўсишини таъминлайдиган беқиёс куч-қудрат манбаига айланди. Бунда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида қўлга киритган оламшумул натижалари катта аҳамият касб этди ва бугунги кунда айни самарадор омиллар бутун жаҳоннинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Хитой дунёдаги беқарорликларнинг олдини олишга қаратилган кўплаб глобал ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Барқарорликка оид бу ғоялар мамлакатда асрий ислоҳотлар синовидан муваффақиятли ўтгани билан аҳамиятлидир.
Хитой ҳукумати миллий модернизацияни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида асосий эътиборни халқ фаровонлигини таъминлашга қаратмоқда. Яъни, ислоҳот ва тараққиёт аввало ҳар бир хитойликнинг муносиб яшашига хизмат қилсин, деган ёндашувга таянилмоқда. Худди шу концепция Хитойда камбағалликка барҳам беришда ҳал қилувчи роль ўйнагани эътиборга сазовор.
Натижада Хитой халқи 40 йил ичида қашшоқлик ва йўқчилик домидан қутилиб, эндиликда муносиб ва барқарор турмуш шароитларида ҳаёт кечирмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган даврда 700 миллион нафардан ортиқ хитойлик камбағаллик ҳолатидан чиқишга муваффақ бўлган.
Инновацияларга таянадиган давлат сифатида Хитой иқтисодий тараққиёт суръатларини мунтазам ошириб бормоқда. Мамлакат ҳатто “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш соҳасида ҳам муайян натижаларга эришгани туфайли аллақачон экологик тоза маҳсулотларнинг жаҳондаги йирик бозорига айланиб улгурди.
Бошқача айтганда, Янги Хитойнинг 75 йиллик ривожланиш йўли – барқарорлик, тараққиёт, юксалиш ва ёруғ келажакка қатъий ишончнинг ёрқин намунасидир. Тараққиётнинг хитойча модели социализм ва бозор иқтисодиёти қонуниятларини ўзида омухталаштирган бўлиб, ўз навбатида, бундай ноёб усул Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлат мақомини эгаллашини таъминламоқда.
Хитой эришган улуғвор ютуқлар ҳақида сўз борганда, фақат иқтисодий самаралар тафсилотлари билангина чекланмай, балки ижтимоий сиёсат, инфратузилмалар ва технологиялар соҳаларида қўлга киритилган янгидан-янги марралар хусусида ҳам фикр юритиш лозим, деб ўйлайман.
Бу ўринда, айниқса, Хитой аҳолисининг ниҳоятда кўплиги ва глобал муаммоларнинг ҳалокатли таъсирларига қарамасдан, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва барқарорликни сақлаб туришдек иккита ноёб мўъжизага эришилганлиги ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Бугунги кунда Хитой – жаҳон иқтисодиётининг юрагидир. Сайёрамиз ҳаётининг пандемиядан кейинги оғир ва мураккаб шароитларида ҳам мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани буни амалда тасдиқлаб берди.
Хитой ҳозирда ўз иқтисодиётининг барқарорлиги хусусияти билан жаҳон иқтисодиёти барқарор ривожланиши учун муносиб ҳисса қўшмоқда. Бинобарин, бир томондан, мамлакат жаҳон бозорига тобора кўплаб товарлар етказиб бераётган бўлса, иккинчи томондан, ташқи бозорлардан ҳам кўпдан-кўп маҳсулотларни мунтазам харид қилмоқда.
Шу омилларнинг ўзи ҳам Янги Ўзбекистоннинг Янги Хитой билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириши ғоят манфаатли эканидан далолат беради, назаримда. Юртларимиз ва халқларимиз ўртасида неча минг йиллик тарихий ҳамкорлик алоқалари мавжудлиги эса, албатта, алоҳида мавзудир.
– Иньчуан шаҳрига ташрифингиз қандай бошланди?
– Ташрифнинг биринчи куни “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон делегацияси Хитой Халқ Сиёсий маслаҳатлашув Кенгаши Миллий қўмитаси раисининг ўринбосари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ билан учрашув ўтказди.
Шэнь Юэюэ 2024 йил Ўзбекистон-Хитой муносабатлари тарихида янги даврни бошлаб берганлигини таъкидлар экан, Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказилаётганига қарамай, мамлакатимиз делегациясининг бундай ташрифи икки томонлама алоқалар юқори даражага етганлигининг яққол намунаси эканлигини эътироф этди. Хитой томони Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига мувофиқ “Ягона Хитой” сиёсатини, мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирди.
Парламентлараро ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда асосий омиллардан бири ҳисобланади. Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаеванинг Хитойга ташрифи самарали бўлди. Ташриф давомида Хитой Халқ Сиёсий маслаҳатлашув Кенгаши Миллий қўмитаси раиси Ван Хуньин билан ўтказилган учрашувда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Бизнинг ташрифимиз доирасида ҳам парламентларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни чуқур ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хитой томони Ўзбекистон парламенти билан алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро алмашинувни кўпайтиришга тайёрлигини билдирди.
Маълумки, Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ва сармоявий ҳамкори ҳисобланади. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ўсиб, 14 млрд долларга етган бўлса, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида бу кўрсаткич 9,85 млрд доллардан ошди. Ўз навбатида, давлатларимиз раҳбарлари томонидан ўзаро савдо ҳажмини 20 млрд долларга етказиш бўйича берилган топшириқни яқин йилларда якунлаш учун барча имкониятлар мавжуд.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликда муҳим бўлган транспорт соҳасида ҳам қатор ютуқларга эришилди. Жорий йилнинг июнь ойида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича биринчи амалий қадам қўйилиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида тегишли битим имзоланди.
– Мулоқотларда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўтарилдими?
– Албатта, учрашувларимизда Ўзбекистон-Хитой маданий-гуманитар ҳамкорлиги жадал ривожланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, йил бошидан буён Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистон-Хитой таълим форуми муваффақиятли ўтказилиб, Хитойнинг касб-ҳунар таълими тизимини жорий этишга қаратилган “Лу Бань” устахонаси ташкил қилингани мамнуният билан қайд этилди.
Ўз навбатида, тарихий фильмларни тасвирга олиш учун кинематография соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, икки мамлакат ўртасида визасиз режим жорий этилишини тезлаштириш, ўзаро “туризм йили”ни ўтказиш таклифлари илгари сурилди. Хитой томони 2025 йилда Хитойнинг таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилган ҳолда қўшма филиаллар ва ўқув дастурларини яратиш учун Ўзбекистонда иккинчи таълим форумини ўтказишга тайёрлигини ҳам маълум қилди.
Самимий суҳбатлар асносида ҳудудлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омилига айланиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликда янги ўсиш нуқтаси деб баҳоланаётганига амин бўлдик. Буни, жумладан, 2023 йилда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳокимлари Хитойга ташриф буюргани, шунингдек, жорий йил январь ойида Урумчи шаҳрида Ўзбекистон – Хитой биринчи ҳудудлараро форуми ўтказилгани ҳам исботлайди.
Бизнинг делегациямиз таркибида бир қанча ҳудудий раҳбарлар Хитойга ташриф буюрганлиги ҳудудлараро ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжуд эканлигидан яна бир далолатдир. Делегациямиз қатнашган нуфузли Форум эса “яшил ривожланиш”, “яшил саноат”, “қишлоқ хўжалиги” ва “рақамлаштириш” соҳаларида ўзаро алоқалар ўрнатиш учун қулай имконият ҳисобланади.
Шунингдек, Хитой томони 2025 йилда Самарқандда Иккинчи ҳудудлараро форум ўтказилишини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бўлажак Форумнинг мақсади – ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларини амалда намоён этишдир.
– “Хитой – Марказий Осиё” ХI ҳамкорлик форумида сўзга чиққанлар асосан қайси масалаларга эътибор қаратдилар?
– Ҳамкорлик форумининг очилиш маросими 26 октябрь куни бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Халқ Сиёсий маслаҳатлашув Кенгаши Миллий қўмитаси раисининг ўринбосари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ, Нинся–Хуэй автоном райони Коммунистик партия қўмитаси котиби Ли Ифэй, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котиби Чжан Мин каби хитойлик нуфузли расмий шахслар иштирок этди. Бу ўринда форумга мезбонлик қилган Иньчуан шаҳри Хитойнинг Нинся–Хуэй автоном райони ҳудудида жойлашганлигини айтиб ўтиш лозим.
Форумда, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси билан бир қаторда Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Э.Байсалов, Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари З.Сулаймон ҳамда минтақанинг Пекиндаги дипломатик ваколатхоналари, Хитойнинг провинция ва шаҳарлари вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ушбу Форум 2023 йил Сиань шаҳрида ўтказилган биринчи "Хитой – Марказий Осиё" саммити якунида қабул қилинган Декларацияни амалга ошириш ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш учун муҳимлигини таъкидладилар.
Форум ишида аввалбошданоқ ҳудудлараро ҳамкорлик, яшил ривожланиш, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика, солиқ ва табиий офатларга қарши курашиш каби масалалар илгари сурилгани кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга янги туртки берди. Шу маънода, “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми дўстона ҳамкорлик ва мамлакатларимизнинг умумий келажаги учун янги уфқларни очганлиги эътироф этилди.
Янада муҳими: “Хитой – Марказий Осиё” ХI ҳамкорлик форуми минбаридан Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликни тубдан кучайтириш, ўзаро дўстона алмашинувларни мустаҳкамлаш, яқин ҳамкорликни янги босқичларга кўтаришга қаратилган бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Жумладан, ўзаро ҳамжиҳатликда:
биринчидан, яшил ривожланишни рағбатлантириш, ботқоқли ерларни бошқариш соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни оширишни давом эттириш, табиатни муҳофаза қилиш, чўлланишни, шўр ерларни суғориш шаклида ўзлаштиришда яшил технологияларни жорий этиш;
иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда давом этиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида анъанавий ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ аниқлаш, молия, яшил ривожланиш ва рақамли инновацияларнинг янги ўсиш нуқталарини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
учинчидан, ташқи дунёга очиқликни кенгайтириш, “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида логистика йўлакларини қуриш, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, қулай, сифатли ва самарали хизматлар орқали минтақа мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилиш учун биринчи даражали бозор, ҳуқуқий халқаро ишбилармонлик муҳитини рағбатлантириш;
тўртинчидан, биродар шаҳарлар ҳамкорлиги ривожланишини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ҳукуматлар ва жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ташрифларни кучайтириш, илм-фан, технология, таълим, маданият ва туризм соҳаларида, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар кун тартибида инновацион ҳамкорликни кенгайтириш каби масалаларга алоҳида урғу берилди.
– Иштирокчилар “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумининг самарадорлигига ҳам баҳо бердиларми?
– “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумига асос солинганидан буён унинг фаолият кўлами изчил кенгайиб, таъсир доираси тобора ортиб бормоқда. Бинобарин, Хитой билан минтақамизнинг бешта мустақил давлати ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда биргаликдаги тараққиёт борасида эришилган айни шу келишув туфайли анъанавий дўстлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик китоби саҳифаларига янгидан-янги ютуқлар битилмоқда.
Бу Форум ноёб мулоқот майдони сифатида бизга Хитой билан минтақа давлатларининг ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилиш имконини яратмоқда. Хитой халқи мақолида айтилганидек, “Янги учрашув ва дўстона мулоқотлар ҳамма нарсадан қадрлидир”.
Форумда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик аллақачон жадал ривожланиш орбитасига кирганлиги таъкидланди. Ҳамкорликнинг, жумладан, қуйидаги амалий натижалари санаб ўтилди:
биринчи амалий натижа – ҳар ҳафта Хитой ва Марказий Осиё ўртасида 70 та тўғридан-тўғри йўловчи рейслар амалга оширилмоқда;
иккинчи амалий натижа – Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини биргаликда илгари суриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди ва ушбу янги стратегик йўналиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўтиши учун янги "яшил йўлак" назорат пунктлари йўлга қўйилди, Қозоғистон орқали транскаспий автомобиль йўли ишга туширилди, Хитой – Европа йўналиши бўйича юк поездларининг қатновлари сони 10 мингтадан ортиб, ҳажми 9 фоиз ошди;
учинчи амалий натижа – мамлакатларимиз ўртасида электрон савдо, яшил ривожланиш, сунъий интеллект, автомобилсозлик, энергетика каби янги йўналишлар ривожланмоқда;
тўртинчи амалий натижа – маданий-гуманитар алмашинув янги босқичга чиқди. Ўзаро маданият, туризм йиллари муваффақиятли ўтказилди, Хитойнинг анъанавий тиббиёт марказлари университетларининг филиаллари очилди, биродар шаҳарлар сони 80 тадан ортди.
– Форумнинг натижадорлигини янада ошириш юзасидан қандай янги амалий таклифлар ўртага ташланди?
– Давлатларимиз раҳбарлари ўртасида эришилган битим ва келишувларни амалга ошириш, томонларнинг асосий манфаатларига оид масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш муҳимлигига эътибор қаратилди. Ўзаро муносабатларимизнинг моддий базасини соддалаштириш мақсадида яшил ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, анъанавий ва янги соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, камбағаллик, қурғоқчилик билан курашиш қаби соҳаларда тажриба алмашиш, қишлоқларни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё” форматининг институционал шаклланиши масалалари кўтарилди. Хусусан, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида вазирлар даражасида ҳамкорлик механизмларини яратиш, "Хитой – Марказий Осиё" формати котибиятининг ролини тўлиқ аниқлаш, Хитойда ўтказиладиган вазирлар йиғилиши ва 2025 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтадиган иккинчи саммитга тайёргарлик кўриш ва форматни биргаликда такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
Ҳудудлараро ҳамкорликни доимий равишда янги мазмун билан бойитиш ва мустаҳкамлаш, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик шаклларини такомиллаштириш, мавжуд Хитой-Қозоғистон ва Хитой-Ўзбекистон ҳудудлараро форумлари, шунингдек, Хитой-Қирғизистон ишбилармонлар учрашувларини фаол давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Бунда ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантириш мақсадида тижорат музокаралари ҳамда номоддий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик салоҳиятини очиш, биродар шаҳарлар сонини 100 тага етказиш, ўзаро ташрифларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деган фикрга келинди.
Форум иштирокчиларининг якдил фикрича, тенг ва тартибли кўп қутбли дунёни, очиқ ва инклюзив иқтисодий глобаллашувни тарғиб қилиш, халқаро ҳуқуққа асосланган тартибни қатъий қўллаб-қувватлаш, умумқабул қилинган ҳуқуқ ва манфаатларни қатъият билан ҳимоя қилиб, дунё тинчлиги ва глобал тараққиётни сақлашга муносиб ҳисса қўшиш жуда муҳимдир.
– Форумдан олган ёрқин таассуротларингиздан биттасини баҳам кўра оласизми?
– Биласизки, Марказий Осиё халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик, қуда-андачилик ришталари боғлаб туради. Халқларимиз ҳамиша бир-бирига елкадош ва ҳамжиҳат бўлиб яшаб келган. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Бизни ягона тарих, ягона дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради”.
Ана шу ҳаётий ҳикмат Иньчуан шаҳрида ўтган Форумда яна бир бор амалда намоён бўлди, десам, янглишмайман. Форум минбаридан қўшни ва қардош давлатларнинг нуфузли вакиллари ўз мамлакатлари ва умумминтақавий аҳамиятга молик муҳим таклифларни билдирдилар.
Форумда биз ҳам айни таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватладик. Зеро, бизга Миллат Сардори уқтирганларидек, “минтақавий интеграцион жараёнлар қўшнилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришга асосланиши, ҳар биримиз қўшнимизнинг ютуғини – ўзимизнинг ҳам ютуғимиз, унинг тинч ва фаровон ҳаётини – бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг гарови, деб билишимиз лозим”.
– Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари ҳақида қандай фикрлар билдиришингиз мумкин?
– Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Хитой буюк цивилизациянинг қадимий ўлкалари сифатида икки томонлама ҳамкорликнинг тарихий юксалиш палласида турибди. Бунда, бир томондан, Хитой ўзининг модернизациялаштириш услубини тобора жадаллаштираётгани, бошқа томондан, мамлакатимиз “Ўзбекистон-2030” стратегиясини барча соҳаларга изчил татбиқ қилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро ҳамкорлигимиз самарасига бир мисол: БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди. Бинобарин, 10 июнь – Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни, деб эълон қилинди.
Ушбу резолюция халқаро ҳамжамият томонидан қизғин кутиб олинди ва кенг қўллаб-қувватланди. Бинобарин, Ўзбекистон Хитойнинг Глобал цивилизация ташаббусини қатъий қўллаб-қувватлайди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Хитойнинг таклифига биноан "Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни" резолюциясини ишлаб чиқишда асосий гуруҳ аъзоси сифатида фаол иштирок этди ва резолюциянинг қабул қилинишига салмоқли ҳисса қўшди.
Хитой – Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ ва инвестиция бўйича энг йирик ҳамкорларидандир.
Ўзбекистон ягона Хитой принципини маъқуллайди. Биз биргаликда “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий кураш олиб бормоқдамиз. Мамлакатларимиз цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш борасида ҳам жаҳон аҳлига муносиб намуна бўлмоқда.
Хитойларда шундай мақол бор: “Меҳнат-машаққат чекмасанг, тупроқ ичидан олтинни ажратиб олишинг мушкул”. Ўзбек халқининг мана бу мақоллари шу мантиққа ўта уйғун, яъни: “Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда” ёки “Текинга осмондан чалпак ёғмайди”.
Мухтасар айтганда, мамлакатларимизнинг обод ва халқларимизнинг бахтли ҳамда фаровон бўлишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизда ўзаро бирдам ва ҳамжиҳатликда иш тутсак, шундагина фаолиятимиз янада натижадор бўлади. Иньчуан шаҳрида бўлиб ўтгн “Хитой – Марказий Осиё” ХI ҳамкорлик форумида шулар ҳақида атрофлича мусоҳаба қилдик.
Ғулом МИРЗО суҳбатлашди
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 29 октябрь кунги 219 (1280)-сони
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 598
- Чоп этиш