Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида демократик янгиланишлар йўлидан дадил одимлаётган Янги Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимизни рози қилиш, инсон қадрини таъминлашга қаратилгани билан эътиборлидир.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари, Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам шу каби эзгу ишларни амалга оширишга камарбасталик қилиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 1996 йил 31 октябрда ташкил этилган бўлиб, бугун ушбу муҳим санага роппа-роса 28 йил тўлди. Ўтган даврда Ўзбекистон Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг бир неча қарори билан Миллий марказ фаолиятининг муайян соҳалари изчил ривожлантириб борилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ташкил этилиши ва шакллантирилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва бошқарув тизимини демократлаштиришни қўллаб-қувватлаш дастури ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, 2018 йил 10 декабрда – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланган кунда давлатимиз раҳбари “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор инсон ҳуқуқларига доир маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг чақириғига муносиб жавоб бўлди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ, Миллий марказнинг мақоми тубдан оширилди, ваколат ва фаолият кўлами янада кенгайтирилди. Миллий марказ Низоми ва штатлар жадвали қайта тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари билан ҳамкорлик қилиб ва уларнинг бу борадаги фаолиятига яқиндан кўмаклашиб келмоқда.
Шунингдек, Миллий марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларида 2018 йилга қадар аниқ тизим мавжуд эмасди. Эндиликда Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ:
биринчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади;
иккинчидан, Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади;
учинчидан, Миллий марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;
тўртинчидан, Миллий марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашади;
бешинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2022 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Миллий марказ таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.
Миллий марказга қўшимча асосий вазифалар ҳам юклатилди. Бу ўринда, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш; инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш; фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш ҳақида сўз бормоқда.
Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази:
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини;
- миллий маърузалар тайёрланишини;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир.
Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Айниқса, кейинги йилларда Миллий марказнинг бу борадаги мувофиқлаштирувчилик фаолияти доираси янада кенгайди.
Бу ўринда мустақилликнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасини ривожлантиришнинг идоравий дастурлари мунтазам ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани ҳолда, бу борада давлатнинг стратегик дастурий ҳужжатини тасдиқлаш тажрибаси кузатилмаганини очиқ айтиш лозим. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси улкан аҳамиятга эга бўлди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини («йўл хариталари»ни) ишлаб чиқиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг энг асосий вазифалари қаторига киради. Бундай миллий маърузалар 1999 йилдан буён тайёрланмоқда ва мунтазам равишда тегишли халқаро ташкилотларга юборилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаб, тегишли тартибда тақдим этиб келмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг халқаро стандартларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич татбиқ этишнинг ўз модели шакллантирилди. Бу ҳақда сўз борганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига тўла мос келишини таъкидлаш лозим.
Кейинги даврда Миллий марказнинг қонун лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш кўлами янада кенгайди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва уларнинг нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш бўйича комплекс чоралар қабул қилинди. Натижада мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзбек модели шаклланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан мамлакатимизнинг турли давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларига изчил амал қилинмоқда.
Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи миллий институтлар тизимига асос солинди. Мустақилликнинг 33 йили давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Болалар омбудсмани, Бизнес-омбудсман каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти йўлга қўйилди.
Миллий марказ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Миллий марказ ҳузурида инсон ҳуқуқлари бўйича оммавий кутубхона ташкил этилган. У инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ноёб адабиётларни ўзида жамлаган Марказий Осиё минтақасидаги ягона кутубхона ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятида, умуман, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари учун рағбатлантиришни кўзда тутадиган алоҳида мукофот мустақилликнинг ўтган 25 йили давомида мавжуд эмасди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2018 йил 10 декабрда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Эндиликда ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тантанали равишда тақдирлаб борилмоқда.
Эътибор беринг: ҳар 5 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кун – 10 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу мукофот 1966 йилда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшган инсонларни тақдирлаш учун ташкил этилган. Бинобарин, Ўзбекистон ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича ўз миллий мукофоти билан ҳар йили муносиб совриндорларни тақдирламоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 1028
- Чоп этиш