2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар учун
жазосиз қолишга барҳам бериш халқаро куни
БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йил 18 декабрда қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолишга барҳам бериш халқаро куни, деб эълон қилинган. Бунда журналистлар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ бўлган ва жамиятнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини топтайдиган хавотирли ҳолатга дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадидан келиб чиқилган.
Бу халқаро сананинг мухтасар тарихи далолат беришича, айнан 2013 йил 2 ноябрда франциялик икки журналист Гислен Дюпон (Ghislaine Dupont) ва Клод Верлон (Claude Verlon) таҳририят топшириғига биноан Малидаги қуролли можарони ёритиш пайтида жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган. Айни воқеа жамоатчилик орасида кучли акс-садо бергани муносабати билан БМТ журналистларга нисбатан зўравонликни ва уларнинг ўз фаолиятини бажаришига тўсқинлик қилишни қоралаб чиқувчи ҳужжатни қабул қилган.
Ушбу долзарб масала ҳалигача жаҳон ҳамжамияти диққат марказида бўлиб келаётгани бежиз эмас. Чунки 2006-2020 йиллар давомида дунёда долзарб воқеаларни ёритган ва жамоатчилик эътиборига янгиликларни етказган 1 минг 200 нафардан ортиқ журналист ўлдирилган.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистларга қарши жиноятларнинг фақат 10 фоизи бўйича судларда ҳукм чиқарилган. Қолган 90 фоизида зарур ресурсларнинг етишмаслиги ёки жиноят содир қилинган давлат раҳбариятида сиёсий ирода йўқлиги боис жиноятчилар жазосиз қолган.
Бу ҳол афсусланарли ва жуда хавотирлидир. Чунки бундай жазосизликларнинг янада ёмон оқибатлари бор.
Биринчидан, жиноятчиларнинг жазосиз қолиши журналистларни қўрқувга солади, жиноятчиларга эса дадиллик беради.
Иккинчидан, журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолиш жамиятга салбий таъсир кўрсатади, ҳукуматларга цензурани давом эттиришга йўл очади.
Учинчидан, бундай жазосизлик жамиятнинг суд тизимига ишончини йўқотади.
БМТ маълумотига кўра, бутун дунёда 2023 йилда 70 дан ортиқ журналист ўз вазифаларини бажараётганида ўлдирилган. Бу жиноятларнинг аксарияти очилмаган. Шу билан бирга, бугунги кунда рекорд даражадаги журналистлар қамоқхоналарда қолмоқда. Ушбу рақамлар БМТ Бош котиби ва ЮНЕСКО Бош директорининг Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолишга барҳам бериш халқаро куни муносабати билан 2023 йилда йўллаган мурожаатларидан келтирилди.
Хусусан, “Эркин матбуот – демократия амал қилиши, ҳуқуқбузарликлар фош этилиши, мураккаб дунёмизда мақбул ҳаракат қилиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун жуда муҳим”, – дейди Антониу Гутерриш. Бош котибнинг таъкидлашича, дезинформация (яъни, ёлғон ахборот), интернетда онлайн-безорилик ва аёл журналистларга нисбатан нафратомуз сўзларнинг айниқса кенг тарқалиши, ўз навбатида, дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари ходимларининг овозини ўчиришга уринишлар учун қўл келаётир.
“Журналистларнинг ҳуқуқий, молиявий ва бошқа воситаларни суиистеъмол қилган ҳолда қўрқитилаётгани қудратга эга шахсларни қонуний жавобгарликка тортиш ҳаракатларига путур етказаяпти. Бундай тенденциялар нафақат журналистларга, балки бутун жамиятга ҳам таҳдид солмоқда”, – деб огоҳлантирди А.Гутерриш.
Бош котиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Журналистлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ҳаракатлар режасини ҳам эсга олди. Мазкур ҳужжат барча оммавий ахборот воситалари ходимлари учун хавфсиз ва эркин фаолият муҳитини яратишга қаратилган. “Бугун ушбу ҳужжатнинг 10 йиллигини нишонлаётган эканмиз, ҳукуматлар ва халқаро ҳамжамиятни журналистларни ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга чақираман. Биз кенг тарқалган жазосизлик ақидасига барҳам беришимиз ва журналистларга ўзларининг муҳим ишларини бажаришларига имкон яратишимиз керак”, – деди пировардида БМТ раҳбари.
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле мазкур халқаро сана муносабати билан йўллаган мурожаатида айни Ҳаракатлар режасини “инқилобий ҳужжат” деб атади. Унинг эслашича, мазкур режада журналистларнинг фаолияти, жумладан, қуролли можаролар ва инқирозли вазиятларни ёритиш, ҳокимият фаолиятини текшириш, коррупция ва турли кўринишдаги адолатсизликларни фош этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилган.
ЮНЕСКО ўтган йиллар давомида адлия тизимининг – 24 мингдан ортиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик органларининг 11 минг 500 нафар ходимини сўз эркинлиги ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шу жумладан рақамли муҳит билан боғлиқ масалалар бўйича ўқитди. "Шу каби барча саъй-ҳаракатларимизга қарамай, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистлар сони жуда юқорилигича қолмоқда", – деди ташвиш билан О.Азуле. Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО Бош директори ҳам журналистларни ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтиришга чақирди.
Хулоса ўрнида Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан ҳамкасбларимизга йўллаган табригидаги ушбу фикрларни ҳавола қиламиз:
“Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда.
Ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади. Шу билан бирга, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир.
Шу боис, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим, деб ўйлайман”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 01.11.2024
- Кўришлар: 961
- Чоп этиш