18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси
Давлат байроғи қабул қилинган кун
Байроқ – давлатнинг тузумини, шу давлатда яшовчи халқнинг табиати, менталитети, иқтисодий асослари ва бошқа муҳим белгиларини англатадиган герб, миллий валюта, мадҳия каби энг муҳим тимсоллардан бири.
Байроқнинг ёши нечада? Унинг илк ихтирочиси ким?
Тарихий манбаларда айтилишича, мустақил давлат ва унда яшовчи фуқаролар дахлсизлиги ифодаси ҳисобланувчи бу рамзни яратиш ғояси илк бор минг йиллар муқаддам қадимги овчилар ва жангчилар орасида туғилган. Дастлабки байроқлар ҳайвон териси ёки қуш патларидан ясалгани ва уларда турли жонзотлар тасвирини акс эттириш анъанага айлангани ҳам шундан далолат беради.
Бунда байроқ аждодларимизга жанг ёхуд сафарлар чоғида ўз йўлбошчиларини кўз-кўз этиш ва уни ўзлари ҳам кўриб туришлари, шунингдек, дўст-душманни олисдан таниб олишлари учун ниҳоятда зарур бўлган. Яъни, байроқ давлатнинг рамзий белгиларидан бири сифатида шаклланишнинг узоқ тарихий йўлини босиб ўтган.
Ҳозирги даврда давлат байроғининг аҳамияти айниқса юксак ҳисобланади. Чунки халқларнинг мустақиллик учун кураши ва бу йўлда эришган ғалабаси тимсоллари, жумладан, улар тузган давлатнинг байроғида ҳам ўз аксини топмоқда.
Башарият тарихининг барча даврларида барча халқлар учун ўз давлат рамзлари, хусусан, Давлат байроғи Ватан ва истиқлол рамзи сифатида азиз ҳамда муқаддас саналган. Шу маънода, Ўзбекистонда – ҳали собиқ иттифоқ, унинг куч-қудрати, сиёсати, давлат рамзлари амалда бўлиб турган бир пайтда – 1990 йил март ойидаёқ давлат рамзлари ҳақидаги масала парламент сессиясида муҳокама қилингани алоҳида эътиборга сазовор.
Орадан кўп ўтмай – 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларациясида Ўзбекистон ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилаши ва байроқ, герб, мадҳия каби давлат рамзларини ўзи таъсис этажаги қайд этилди. Истиқлол бу борадаги изчил изланишларга янги куч ва илҳом бағишлади.
Ўзбекистон 1991 йил 31 августда Давлат мустақиллигини эълон қилгач, мамлакат парламенти 1991 йил 18 ноябрда давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини тасдиқлади. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлат байроғи 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида конституциявий мақомга кўтарилди. Ушбу норма Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 5-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзлари давлат ҳимоясидадир”, деган мазмунда янада мукамммаллаштирилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир”.
Бунда:
Мовий ранг – юртимиздаги барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзи.
Оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиши ҳамда она-юртимизнинг бепоён еру серҳосил далаларининг ифодаси.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Ушбу тасвирлар ҳам халқимизнинг азалий қадриятларига асосланган муҳим тимсоллардир.
Давлат байроғини кўтариш билан боғлиқ тартиб-қоидалар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунда белгиланган. Шуни ҳам айтиш керакки, Давлат байроғи халқаро майдонда: мамлакатимиз расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади.
Шу ўринда 2023 йил 7 июлда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаш лозим. Расмий эълон қилинган кунданоқ кучга кирган ушбу қонун билан Давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди. Жумладан:
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
- байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
- халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлаш учун байроқнинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин.
Мамлакатимизда давлат рамзлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат байроғини ҳурмат қилишда фуқароларнинг зиммасига муайян мажбурият юкланади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт.
Шу нуқтаи назардан, янги қонунда байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди. Хусусан:
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
- бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш;
- столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
- кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
- байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.
Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилади.
Бу борадаги ҳуқуқ ва масъулиятимиз қонун билан белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Чунки Давлат байроғи, Давлат герби, Давлат мадҳияси – Ўзбекистон халқининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Ушбу миллий давлатчилигимиз рамзларини эъзозлаш – ўзининг қадр-қимматини, ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш рамзидир.
Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас рамзлар сифатида ғоят эъзозланган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – ана шундай юксак эъзоз ва эътирофга муносиб давлат рамзидир.
Ушу тимсол – бугунги кунда мамлакатимиз Президенти саройида, Олий Мажлис, Ўзбекистон ҳукумати, маҳаллий давлат идораларида, Ўзбекистоннинг турли ваколатхоналари иш олиб бораётган хорижий мамлакатларда, БМТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳида мағрур ҳилпираб турибди.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги рамзи ва Ватанимиз тимсоли – Давлат байроғи ўзида ўзбек халқининг асрий орзу-истаклари, шон-шарафи ва халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Шу боис Давлат байроғи барчамизнинг фахр-ифтихоримиз ифодасидир.
Янада муҳими, Давлат байроғи – ҳар бир ўзбек учун, ўзбекистонлик учун она Ватан каби азиз ва муқаддас. Шунинг учун ҳам Давлат байроғини асраб-авайлаш, Ватанни севиш, жонажон халқимиз учун жонни фидо қилишга тайёр бўлиш – ҳар биримизнинг олий бурчимиздир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 711
- Чоп этиш