20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни
Она заминимизнинг сув захираларини ўйловсизлик ва исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш, ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш – буларнинг барчаси, бир томондан, инсониятнинг бошига янгидан-янги балолар ёғишига олиб келаётган бўлса, иккинчи томондан, мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.
БМТ Университети ҳамда Атроф-муҳит ва инсон хавфсизлиги институтининг “2023 йилдаги табиий офатларнинг ўзаро боғлиқликдаги хатарлари” номли маърузасида шу ҳақда сўз боради. Ҳисоботда сайёрамизда истиқомат қилаётган жами инсонларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган глобал хатарларнинг ўзаро уйғун олтита нуқтаси санаб ўтилган. Булар:
- биохилма-хиллик барҳам топишининг тезлашиши;
- шу билан боғлиқ ҳолда экотизимнинг издан чиқиши;
- ер ости сувларининг кескин пасайиши оқибатида сув захираларининг камайиб кетиши;
- тоғ музликларининг эриши;
- коинотда чиқиндиларнинг кўпайиши;
- об-ҳавонинг ҳаддан ортиқ исиб кетиши.
Ушбу салбий омилларнинг ўзаро омухталигида юзага келаётган иқлим инқирози учун энг кам жавобгар инсонлар – болалардир. Аммо, афсуски, айнан жажжи фарзандларимиз иқлим ўзгариши ва турли экологик офатларнинг оқибатларидан энг кўп жабр кўрмоқда. Маълумотларга қараганда, дунёда ҳар йили беш ёшгача бўлган 1,7 миллион нафар бола атроф-муҳитнинг олдини олиш мумкин бўлган зарарларидан вафот этади. Шунга қарамай, экология сиёсати масалалари бўйича деярли барча қарорлар болалар ва ёшлар иштирокисиз қабул қилинмоқда. Яқинда бундай адолатсизликка барҳам бериш йўлида дастлабки муҳим қадам қўйилди. Бу ўринда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси биринчи марта Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга биноан аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини бевосита тасдиқлагани билан боғлиқ янги ҳужжат ҳақида сўз бормоқда. Гап шундаки, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан 2023 йил 28 августда «Иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги 26-сонли умумий тартиб шарҳи» эълон қилинди. Ушбу ҳужжат БМТ даражасида ва болаларнинг бевосита иштирокида, жаҳоннинг 121 мамлакатидаги кўплаб болажонлардан келиб тушган 16 мингтадан ортиқ ариза асосида, инклюзив тарзда ишлаб чиқилди. Болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги мазкур шарҳда фавқулодда иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф муҳит ифлосланиши шароитида болалар ҳаёти ва истиқболларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилангани ниҳоятда эътиборлидир. Янада содда қилиб айтганда, Умумий тартиб бўйича шарҳда 1989 йилги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг муайян соҳаларида болаларнинг яшаш, ривожланиш, соғлиқ бўйича ҳуқуқи каби универсал ҳуқуқлари нимани назарда тутиши ҳақида экология нуқтаи назаридан ҳуқуқий йўл-йўриқлар берилган.
Жумладан, Умумий тартибнинг 26-сонли шарҳида қайд этилишича, давлатлар нафақат болаларнинг ҳуқуқларини тўғридан-тўғри зарарлардан ҳимоя қилиш учун, балки бугунги кунда давлатлар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар ёки уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида келажакда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига ҳам жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, давлатлар нафақат ўз чегаралари доирасидаги атроф-муҳитга етказилган зарар учун, балки ўз чегараларидан ташқарида атроф-муҳитга етказилган зарар ва иқлим ўзгаришининг зарарли оқибатлари учун ҳам жавобгар бўлиши мумкин. Шу муносабат билан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган 196 та давлат зудлик билан зарур чораларни кўришга, жумладан:
- кўмир, нефть ва табиий газдан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечишни ташкил этиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш;
- ҳаво сифатини яхшилаш ва тоза сувдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
- саноат, қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликда соғлом ва барқарор ишлаб чиқариш учун ўзгаришларни амалга ошириш;
- озиқ-овқат ва биологик хилма-хилликни ҳимоя қилишни таъминлашга чақирилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда атроф-муҳитга оид қарорлар қабул қилишда болаларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш зарурлиги, бу борада экологик таълимнинг аҳамияти алоҳида таъкидланган. Шу маънода, Умумий тартибнинг 26-сонли шарҳини ишлаб чиқишда 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган 12 нафар болалар маслаҳатчисидан иборат гуруҳ БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасини қўллаб-қувватлагани таҳсинга лойиқ.
Бу жараёнда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ҳам ўз тавсия ва маслаҳатлари билан бутун дунё бўйлаб болаларнинг фикрларини тўплашга ёрдам берди. ЮНИСEФнинг болалар ҳуқуқлари ва иқлим бўйича махсус маслаҳатчиси Палома Эскудеронинг фикрича, иқлим соҳасига тааллуқли молиявий ва сиёсий қарорларда болаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаслик ҳолатлари ҳалигача давом этмоқда. Бундай номақбул вазиятни ўзгартиришда Болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги шарҳ долзарб аҳамият касб этади.
Нега деганда, мазкур ҳужжат Париж битими бўйича давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишда болалар ҳуқуқлари юзасидан мажбуриятларини ҳурмат қилиш, илгари суриш ва ҳисобга олиш мажбуриятини тушунишга ёрдам беради. Қолаверса, унда бола ҳуқуқларига таъсирни ҳисобга олиш атроф муҳитга оид барча қонун ҳужжатлари, стратегия ва лойиҳалар, қоидалар, бюджет ёки бошқа қарорларга нисбатан амалга оширилиши кераклиги қатъий таъкидланган.
Шу нуқтаи назардан, давлатлар олдига БМТ Қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот бериш талаби қўйилгани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир ҳукумат сайёрамизнинг ҳар қандай бурчагидаги ҳар қайси боланинг ҳуқуқларини, айниқса, бу муаммо ечимига энг кам ҳисса қўшаётган, лекин энг хавфли сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бўронлардан азият чекаётган мамлакатларда яшовчи ўғил-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъулдир.
Маълумки, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган. Конвенция бутун дунёда болалар соғлом ва хавфсиз улғайишларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур халқаро ҳужжат қабул қилинган кун, яъни 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни деб эълон қилинган.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига 1992 йил 9 декабрда аъзо бўлган. Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда 1994 йил 29 июлда кучга кирган.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 19.11.2024
- Кўришлар: 727
- Чоп этиш