20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан озодликдан маҳрум этишнинг муқобил усуллари ва жавобгарликдан озод қилиш чоралари” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ва ЮНИСЕФ томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбати очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткир Очилов сўзга чиқди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижионинг табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Бола ҳуқуқлари – бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири экани таъкидланди. Чунки, бир томондан, 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни, иккинчи томондан, 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бола ҳуқуқларига оид муҳим халқаро ҳужжат – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган. Шу маънода, ушбу Конвенциянинг 35 йиллиги билан Бутунжаҳон болалар куни бирга нишонланмоқда.
Ўтган даврда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси дунё миқёсида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда катта аҳамият касб этди. Ушбу Конвенция миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун энг устувор мақсадлар сирасига киради. Чунки аҳолисининг 40 фоизига яқинини болалар ва ёшлар ташкил қилган мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳар жиҳатдан таъминлаш принципиал аҳамиятга эга. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, биринчи бўлиб 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенцияларнинг ичида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани бунинг яққол намунасидир.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда вояга етмаганлар учун одил судлов тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда мамлакатимизда жиноий ҳуқуқбузарликда айбланган болаларга нисбатан жиноий таъқибдан четлаштириш, воситачилик ва маслаҳат бериш каби чораларни қўллаш ва зарур ҳолларда, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни, масалан, шартли жазо ёки жамоат ишларини қўллашни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар киритиш масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим.
Болалар учун одил судлов бўйича халқаро эксперт, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси Ренате Винтер давра суҳбати мавзуси билан боғлиқ халқаро стандартлар ва илғор амалиётга оид маълумотларни тақдим этди. Хусусан, Р.Винтер қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш ва жавобгарликдан озод қилишнинг халқаро синовдан ўтган муқобил усуллари ҳамда амалий чоралари ҳақидаги янгиликлардан иштирокчиларни хабардор қилди.
Муҳокамага қўйилган мавзу юзасидан айрим хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди. Бу борада ЮНИСЕФнинг Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Грузиядаги мутахассиси Теона Кучава ва Таиланддаги эксперти Санти Сиритиражесд маъруза қилди.
Иштирокчилар қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан озодликдан маҳрум этишнинг муқобил усуллари ва жавобгарликдан озод қилиш чораларини Ўзбекистон миллий қонунчилигига киритиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Бу борадаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш кафолатларига эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати, Бош прокуратура, Олий суд, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Статистика агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, “Оила” ва “Мадад” НТТ каби фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ҳам қатнашди. Муҳокамаларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили офиси ва ЮНИСЕФ экспертлари фаоллик кўрсатди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 799
- Чоп этиш