8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашларига сайлов натижаларига кўра маҳаллий Кенгашлар таркибига янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизларни ташкил қилди.
Ушбу самараларга, ҳеч шубҳасиз, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг шарофати билан эришилди. Чунки Асосий Қонунимизнинг 58-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деб белгиланган.
Мазкур конституциявий кафолатлар бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳасида ўз ижобатини топмоқда. Хусусан, шу асосда Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра эндиликда хотин-қизлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил қилиши шарт. Аввал бу талаб бўйича кўрсаткич 30 фоиз эди.
Бундай муҳим талаб яқинда бўлиб ўтган сайловларда иштирок этган аёл номзодлар сони изчил кўпайишига туртки берди. Шунга яраша натижа ҳам, таъбир жоиз бўлса, юртимизда гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар моҳиятига мос даражада бўлди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, 2023 йилда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Жумладан, 3 та қонун, Президентнинг 2 та Фармони ва 2 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 6 та қарори тасдиқланди.
Янада аниқ айтганда, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ҳамда илм-фан ва технологиялар соҳасидаги иштирокини ривожлантиришга, муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 2022 — 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳасида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланяпти.
Янада муҳими, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин — маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши белгиланди. Шу мақсадда Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” деб номланди.
Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб масалалар қамраб олинган. Шунингдек, 85-мақсад доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастуридан истиқболдаги янада муҳим масалалар ўрин олгани, айниқса, эътиборга лойиқ. Айни шу дастурий ҳужжатлар ижроси доирасида, жумладан, хотин-қизларнинг таълим олишига қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада оширишга катта эътибор қаратиляпти.
Жойларда имтиёзли кредитлар ва лизинг ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари доимий диққат марказида турибди. Айниқса, “аёллар дафтари”га киритилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказиши лозим бўлган хотин-қизларнинг тиббий муолажа харажатларини қоплаб беришдек эзгу амаллар изчил бажарилмоқда.
Буларнинг барчаси гендер тенглик масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ўзига хос исботидир. Мамлакатимиз хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди.
Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-асимметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Аёллар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институциявий асослари янада мустаҳкамланди. Бу дастурий ҳужжатларнинг ижроси Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларимизни бажаришга ҳам кўмаклашади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ҳамда нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси.
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 22 ноябрь кунги 241 (8864)-сони
- Қўшилди: 25.11.2024
- Кўришлар: 722
- Чоп этиш