Ўтган 35 йил давомида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда катта аҳамият касб этиб келмоқда. Шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун ҳамиша устувор мақсадлар сирасига киради. Чунки аҳолисининг 40 фоизига яқинини болалар ва ёшлар ташкил қилган мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳар жиҳатдан таъминлаш принципиал аҳамиятга эга. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, биринчи бўлиб 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенцияларнинг ичида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши бунинг яққол намунасидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда. Бундай ёндашув, шубҳасиз, «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳот руҳига тўла мосдир.
Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнда тасдиқланган бўлиб, унинг қатор бандлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Миллий стратегияда, жумладан, болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ва болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий ҳисобот тақдим этилди.
Шу ўринда сўнгги йилларда Ўзбекистонда вояга етмаганлар учун одил судлов тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаш айни муддаодир. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Ҳукумати ЮНИСЕФ кўмагида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида қонун билан зиддиятда бўлган вояга етмаганлар учун ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чоралари ва жавобгарликка тортилишини тиклаш тизимини киритиш бўйича инновацион лойиҳани ишга туширди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди. Янада муҳими, бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Бунда Бош қомусимизга бола ҳуқуқларини таъминлашнинг кафолатларига қаратилган конституциявий нормалар фуқароларимизнинг таклифлари асосида, миллий ва халқаро тажриба, экспертларнинг фикрлари, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида акс этган халқаро стандарт – “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳисобга олган ҳолда киритилгани эътиборга лойиқдир.
Рахшонахон Зиёвиддинова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ходими
«ТОНГ ЮЛДУЗИ» газетасининг 2024-йил 48-сони
- Қўшилди: 25.11.2024
- Кўришлар: 796
- Чоп этиш