Ўзбекистонда маъмурий-хуқуқий фанлар ривожланиши: эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Тошкент давлат юридик университети томонидан “Ўзбекистонда маъмурий-хуқуқий фанлар ривожланиши: эришилган ютуқлар ва истқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари ва докторантлар, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат Аграр университети профессор-ўқитувчилари, маъмурий ҳуқуқ соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар ҳамда талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов 2017–2024 йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида “давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойилни рўёбга чиқариш мақсадида кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганлиги, ушбу ислоҳотлар жараёнида Давлат ва ҳуқуқ институти ҳам ўз таклифлари, асослантирилган илмий ташаббуслари билан фаол иштирок этиб келаётганлиги, жорий йилда Институт томонидан маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган 20 га яқин таклиф Олий Мажлис палаталарига тақдим этилганлиги ҳақида маълумот берди.

Тошкент давлат юридик университети Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Сардорбек Юсупов Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқ фанини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ушбу ҳолат чинакамига халқ хизматидаги давлат фуқаролик хизматчиларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши, бугунги маъмурий ислоҳотлар шароитида олий таълим ташкилотлари ва илмий тадқиқот муассасалари амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали ҳуқуқий тартибга солиш борасида илмий жиҳатдан кўмаклашиши зарур эканлигини қайд этди.

Давлат ва ҳуқуқ институти Маъмурий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Акбаршоҳ Тешабоев ўз маърузасида маъмурий ислоҳотлар шароитида маданият соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳимлиги, кино, театр ҳамда маданият соҳасининг бошқа тармоқларида янги маъмурий ислоҳотлар шароитига мос тарзда замонавий бошқарув услубларини жорий этиш, ушбу соҳани яхлит қонун ҳужжати билан тартибга солиш заруриятини асослаб берди.

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Жўрабек Неъматов маъмурий ислоҳотлар шароитида олий таълим ташкилотлари фаолиятини маъмурий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилган ҳолда, академик мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари фаолиятини ҳамда улардаги маъмурий бошқарув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Муҳокама жараёнида сўз олганлар юртимизда маъмурий ҳуқуқ фанини ёш юридик кадрларга пухта ўргатиш зарурлиги, давлат хизмати соҳасини тўлиқ рақамлаштириш ва маъмурий жиҳатдан янада соддалаштириш, илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган фикр ва мулоҳазаларни илгари суришди.

Давра суҳбати якунида талабалар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech