Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!
Бу йил мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланади. Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ўзбекистон Президентининг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
Янги Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот таянган ҳаётий мезонлар
Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегиясини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки:
биринчиси, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари янада такомиллаштирилди;
иккинчиси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” асосида изчил конституциявий ислоҳот амалга оширилди;
учинчиси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда янгиланган Асосий қонунимизнинг тўғридан-тўғри ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маданий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир. Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади.
Бинобарин, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан биридир. Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас.
Конституцияни қотиб қолган қоидалар йиғиндиси, деб ҳам бўлмайди. Конституция – динамик, яъни доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжатдир. У ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс этиради. Шу маънода, хусусан, Ҳаракатлар стратегияси Янги Ўзбекистоннинг янги конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилди.
Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори – халқимиз, бош ғоявий илҳомлантирувчиси – Ўзбекистон Президенти
Маълумки, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш.
Ўз навбатида, 2021 йил 6 ноябрдаги Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида конституциявий ислоҳотнинг назарий асоси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси белгилаб берилди. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам конституциявий ислоҳотга алоҳида бир фасл бағишланган.
Эътибор беринг: Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда нашрдан чиққан “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги алоҳида бир фасл айнан “Конституциявий ислоҳотлар – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат”, деб номланган. Унда сайловолди учрашувлари пайтида халқ билан мулоқот жараёнида ўртага ташланган муҳим таклиф ва ташаббуслар, бугунги тараққиётимиз ва истиқбол режаларига оид хулосалар ўз аксини топган.
Шу маънода, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
Замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этаётган бугунги шиддатли давр мезонларига жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш – миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб ишдир. Дунё мамлакатларининг ривожланиш амалиёти ҳам конституциявий қонунчилик изчил ва муттасил такомиллашиб бориши зарурлигини кўрсатади.
Ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси талабига кўра, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “инсон – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш лозим.
Шу нуқтаи назардан, Конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозосига айланди. Бинобарин, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштириш – мамлакатимиздаги шиддатли ва изчил ислоҳотлар талаби сифатида майдонга чиқди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўйди.
Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши
ва фаолияти
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Комиссияга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди.
Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва мутахассислар киритилди. Конституциявий комиссия ўз фаолиятида «жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган ғояга таянди.
Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичи аниқ белгилаб берилди. Шу асосда Конституциявий комиссия:
биринчидан, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш;
иккинчидан, Конституциявий комиссия томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳасини кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасини ўтказиш;
учинчидан, умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш босқичлари доирасида изчил фаолият олиб борди.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталар экан, жумладан, шундай деди: “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.
Шу асосда Конституциявий комиссия конституциявий ислоҳотнинг 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумгача бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий тадбирларида бош-қош бўлди.
Ўзбекистон Президенти Конституцияни янгилаш бўйича илгари сурган таклифлар ва ташаббусларнинг рўёби
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 2022 йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда инсон қадрини конституциявий мустаҳкамлашнинг тўққизта асосий йўналиши бўйича Конституцияга киритиладиган аниқ таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Шу муҳим таклиф ва ташаббусларнинг барчаси янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз аксини топди.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим, деган ташаббус билан чиқди. Натижада эндиликда инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифасига айланди.
Асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя мустаҳкамланди. Бинобарин, ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.
“Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғоя Конституциямизда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси ва буюк кашфиётидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилди. Маҳаллалар ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилди.
Конституцияда “Ўзбекистон – дунёвий давлат”, деб белгиланди. Дунёвий давлат – давлат бошқаруви Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат, деганидир.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари
Биринчи навбатда, мамлакатимиз сиёсий партияларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси атрофлича муҳокама қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айни жараёнда фуқароларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса ёшлар бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашди.
Ўтказилган социологик тадқиқот респондентларнинг 88 фоизи Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қандай таклифлар билдирилганидан хабардор эканлигини кўрсатди.
Конституциявий комиссия томонидан Асосий қонунимизни такомиллаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Комиссия фаолиятига илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, соҳа экспертлари кенг жалб қилинди, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибаси чуқур ва ҳар томонлама ўрганилди.
Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа муҳокамаларида фуқароларнинг фаоллиги кучайгани, таклифлар сони тобора ошаётгани туфайли умумхалқ муҳокамаси муддати бир неча бор узайтирилди.
Умумхалқ муҳокамаси даврида вазирлик, идора ва ташкилотларда, республика бўйича барча туман ва шаҳарларда, шунингдек, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида 20 мингга яқин тадбирлар ташкил этилди. Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳамда олиб борилаётган ишларни аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб материаллар чиқарилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича учта халқаро жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Булардан бири – Конституцияларда хотин-қизлар ҳуқуқи тўғрисидаги қоидаларнинг акс этиши; яна бири – Конституцияларда бола ҳуқуқларининг кафолатланиши ва кейингиси – Конституцияларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ мавзуларга бағишланди.
Халқаро жамоатчилик эшитувларида Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг фундаментал ҳуқуқларини самарали муҳофаза қилишга имкон бериши таъкидланди. Конституциявий ислоҳот давомида бу борадаги ибратли хорижий ва халқаро тажрибаларни ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида лойиҳага берилган таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ишлари давом эттирилди. Меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 193 давлат тажрибаси ўрганилди.
Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш бўйича жами 222 минг 715 та таклиф олинди. Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан нафақат фуқароларнинг якка тартибдаги, балки кўплаб жамоавий таклифлари ҳам Конституциявий комиссияга келиб тушди.
Буларнинг ҳаммаси янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатди. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмалари, айниқса, фаол ҳамкорлик қилди.
Халқаро ҳамжамият намояндалари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этдилар. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича референдум ташкил этилиши
Даставвал, 2023 йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни ўтказиш санаси – 2023 йил 30 апрель деб белгиланди.
Депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди. Бинобарин, 2023 йил 13 март куни мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарори қабул қилинди.
Яъни, Конституциявий суд томонидан тегишли Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмади. Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Конституцияга мувофиқ деб топилди. Конституциявий суд қарори Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси 2023 йил 14 март куни Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилди. Мажлисда, таъкидланганидек, конституциявий ислоҳот мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеиликка ва шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиради.
Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди. Шу асосда мамлакатимизда тарихий референдум ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этгани инобатга олиниб, 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳақиқий, деб топилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган, деб ҳисобланди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни ушбу қарор расмий эълон қилинганидан кейин кучга кирди. Мазкур қарор расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилди.
Янги таҳрирдаги Конституция ижроси бўйича дастлабки ва муҳим қадамлар
Кейинги 16 ой давомида Янги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.
Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.
Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш зарур. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз”.
Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
Шунингдек, 2023 йил 7 ноябрда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам қабул қилди. Фармон билан 4 та ҳужжат:
биринчиси, “Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати”;
иккинчиси, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат ва функциялари”;
учинчиси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”;
тўртинчиси, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар” тасдиқланди.
Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун билан тегишли қонун ҳужжатларига, жумладан:
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»;
- «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонунларга;
- шунингдек, «Прокуратура тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»;
- «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»;
- «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»;
- «Парламент назорати тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»;
- «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»;
- «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонуннинг 17-моддасида қайд этилганидек, “Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Ушбу Қонун 3-моддасининг 1-банди, 4-моддасининг 1 ва 2-бандлари 2024 йилда навбатдаги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатини шакллантириш бошланганидан эътиборан амалга киритилади. Ушбу Қонун 5-моддасининг 6-банди, 6-моддасининг 2-банди, 10-моддасининг 2-банди навбатдаги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси чақирилган кундан эътиборан амалга киритилади”.
Шунингдек, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун муқаддимасида қайд этилганидек, янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимлари ажратилаётганлиги амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайта кўриб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилишини талаб қилмоқда. Хусусан, ҳудудларни ривожлантириш борасида халқ депутатлари Кенгашларининг ролини янада ошириш талаб этилмоқда, бугунги кун талабларига асосан вакиллик назоратининг янги шаклларини жорий этиш, ҳокимларнинг тегишли Кенгашлар олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини кучайтириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш зарур.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилиши ҳақидаги нормаси чиқариб ташланди. Ҳокимларга тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессиясига масалалар киритиш, зарурат бўлганда Кенгаш сессияси чақирилишини талаб қилиш ва тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёки судга мурожаат қилиш каби қатор янги ваколатлар берилди.
Халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланди. Уни ваколатлари муддати тугагунига қадар лавозимидан озод қилиш тартиби назарда тутилди.
Бундан ташқари халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланди. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.
Ушбу қонун қонунчиликни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштиришга, жойларда ҳокимиятлар бўлиниши принципини тўлақонли рўёбга чиқаришга ва ҳудудларни бошқаришни аҳоли манфаатларига хизмат қилиш принципи асосида йўлга қўйишга хизмат қилади.
Айни йўналишда миллий парламент палаталари томонидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан 2023 йил 15 майда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилиниб, 10 мингга яқин тарғибот тадбири ўтказилди ҳамда бепул онлайн курс яратилди.
Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 3 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор билан ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган муайян низом ва регламентларнинг айрим бандларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.
Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2023 йил 5 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини эълон қилди. Ахборотнинг дастлабки бандларида таъкидланганидек, “2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (кейинги ўринларда — Конституция) давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди. Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши халқ ҳокимиятчилиги принципининг энг олий кўриниши сифатида унга юқори легитимлик бағишлайди. Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларни яратди”.
Янги таҳғрирдаги Конституция – амалда!
Бугунги кунда янгиланган Асосий қонунимизнинг конституциявий нормалари жамиятимиз ва давлатимиз, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизда яшайдиган ҳар қайси инсон ҳаётида амал қилмоқда.
Мамлакатимизда кейинги даврда бўлиб ўтган иккита сайловни олиб кўрайлик. Авваламбор, 2023 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жамиятимизнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор баралла намоён этди.
Бунда Президент сайловига қадар, яъни 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловида орттирилган тажрибалар ва халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш асносида Ўзбекистон Конституциясига сайловларга оид муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганига эътибор қаратиш зарур.
Жумладан, янги қонун асосида Конституциянинг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Содда қилиб айтганда, мамлакатимизда сайловларнинг муддати декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилди.
Янада муҳими, Конституция нормаларига озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловларда иштирокига тааллуқли аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Яъни, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар – бу борада навбатдаги муҳим қадамдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг замонавий конституциявий нормалари ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида миллий сайлов қонунчилиги тубдан такомиллаштирилгани ушбу сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтишини таъминлади.
Янгиланган сайлов қонунчилиги сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада мукаммаллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини оширишда алоҳида роль ўйнади. Энг асосийси, давлатимиз тарихида биринчи маротаба аралаш сайлов тизими асосида ўтган парламент сайловида янги таҳрирдаги Конституция асосида катта ваколатларга эга бўлган Олий Мажлис таркиби сайланди.
Ҳар икки сайлов мамлакатимизда демократик давлатчилик амал қилаётганлигининг ёрқин намунаси бўлди. Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнлар фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда, давлат органларини миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига тўла мос равишда демократик тарзда шакллантиришда ҳамюртларимизнинг янада фаол иштирок этишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик ҳамда амалийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради.
Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданиятсиз Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо, Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди. Шу боис жамиятда конституциявий маданиятни шакллантириш устувор аҳамият касб этади.
Шу маънода, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш билан боғлиқ хайрли анъана Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштиришга хизмат қилишини таъкидлаш ўринлидир. Бу борада давлат раҳбарининг Конституция кунини нишонлашга оид фармойишларни тасдиқлаш амалиёти алоҳида аҳамият касб этади.
Шу кунларда Президентимизнинг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан жойларда қизиқарли маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тадбирлар ташкил этилаётгани ўз самарасини бермай қолмайди. Жумладан, «Конституция ойлиги» доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда ўтказиладиган Конституция дарслари катта аҳамият касб этиши тайин.
Акмал САИДОВ,
Конституциявий комиссия раиси
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 30 ноябрь кунги 249 (8872)-сони
- Қўшилди: 30.11.2024
- Кўришлар: 689
- Чоп этиш