Сўз - “Инсон ҳуқуқлари уйи” очилиши иштирокчиларига

Феруза АДИЛОВА – Ўзбекистон  Республикаси болалар ва ўсмирларининг "Тонг юлдузи" газетаси Бош муҳаррири:

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг тантанали очилиш маросимида иштирок этганимдан жудаям хурсанд бўлдим. Энди бу нурхона инсон ҳуқуқларига оид муҳим ахборот ва маълумотлар манбаси сифатида нафақат соҳа вакилларига, балки кенг жамоатчиликка, ҳатто мактаб ўқувчилари учун ҳам хизмат қилиши ниҳоятда эзгу иш бўлди.

Ушбу тантанали тадбир арафасида Миллий марказ ҳамда “Тонг юлдузи” газетаси  таҳририяти “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” мавзусида танлов ўтказди. Энг қувонарлиси, танлов якунлари бўйича саралаб олинган ижодий ишлар намуналари “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилишида кўргазмага қўйилди. Натижада иқтидорли болажонларимиз ўз ижодий ишларининг ушбу маърифат масканида нақадар эъзозланаётганидан бошлари осмонга етди.

Миллий марказ билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Ёш газетхонларимизнинг танловга йўллаган ижодий ишларини кузатиб, бир аён ҳақиқатга амин бўлдим. Гап шундаки, инсон ҳуқуқлари ҳар қандай жамиятнинг аввало тинчлиги, барқарорлиги, адолатли ривожланишининг асосий тамойили бўлса, инсон қадри – бу борадаги энг олий неъматдир. Шукрки, навқирон авлодларимиз ана шу ҳикматлар замиридаги ҳаётий ҳақиқатларни  тобора теран тушуниб бормоқдалар.

Мазкур маърифат масканининг тантанали очилиш маросимида сўз олган миллий, хорижий ва халқаро даражалардаги нуфузли экспертлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш – қандайдир якуний марра эмаслигини, аксинча, айни йўналишдаги ишлар изчил давом этадиган узлуксиз жараён эканлигини таъкидлашди. Шу нуқтаи назардан, Миллий марказ билан ҳамкорлик фаолиятимиз ҳам изчил ва бардавом эканлигига умид қиламиз.

Янада муҳими, танлов иштирокчилари – ижодкор ўқувчиларимиз инсон ҳуқуқларига оид билимларини эндиликда “Инсон ҳуқуқлари уйи”да янада бойитиб боришлари бизни ғоят мамнун этади. Шу асосда бугунги умидли ёшларимиз эртага инсон ҳуқуқлари соҳасида энг етук китоблар ёзишларига, айни соҳанинг билимли, холис ва одил мутахассислари сифатида бу суронли ҳаёт майдонида ўзларини дадил намоён этишларига ишонамиз.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech