2024 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашдилар.
Мажлисда Конституциявий суднинг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг барқарор ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг келгусидаги конституциявий ривожланиш йўлини ҳамда халқ иродасига асосланган ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган замонавий ўзбек давлатчилигининг асосларини белгилаб берди.
Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш, шу жумладан, жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ, ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар 2024 йилда ҳам фаол давом эттирилди.
Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича 15 та йўналишда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди:
– ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг янги конституциявий концепциясидан келиб чиқиб, давлат органларининг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди;
– сиёсий институтлар ва вакиллик ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди;
– инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигига оид кафолатлар кучайтирилди;
– Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга оид конституциявий норма асосида ушбу соҳада янги технологияларни жорий этиш, республика ҳудудида Интернет ва замонавий сифатли алоқа қамровини кенгайтириш чоралари кўрилди;
– давлатнинг камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш бўйича конституциявий мажбурияти доирасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бошланди;
– шахснинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимини, тиббий суғуртани ривожлантириш чораларини кўриш мажбурияти доирасида хоспислар ташкил этиш, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланди;
– давлатнинг янги конституциявий экологик мажбуриятлари доирасида Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлар турларини табиий муҳитдан ажратиб олиш чекланди, чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш чора-тадбирлари кучайтирилди, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ҳам бу борадаги конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади;
– таълим олиш конституциявий ҳуқуқини, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни таъминлаш мақсадида олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартиби такомиллаштирилди, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш соҳасида маъмурий тўсиқлар бартараф этилди;
– давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги конституциявий норма доирасида “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог
ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш, касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб боришнинг янги тизими йўлга қўйилди;
– интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши ҳақидаги конституциявий нормани ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратилди, хусусан, интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиби жорий этилди;
– суд орқали ҳимояланиш ва судга шикоят қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди, хусусан, давлат органлари, ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божи фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилди, солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловлар бекор қилинди;
– меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди, улар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган ID-карта ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божидан озод этилди, ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиш чоралари белгиланди;
– иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигининг конституциявий кафолатларидан келиб чиқиб, бу борадаги ҳуқуқий механизмлар ҳам сезиларли даражада кучайтирилди, хусусан, лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга 22 та ҳужжат ҳамда 4 та тартиб ва талаблар, тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинадиган 8 та ҳисобот ва статистика маълумотлари бекор қилинди, солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари мақбуллаштирилди;
– судьялар мустақиллиги конституциявий кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилиниб, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби белгиланди, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш мақсадида тергов судьялари институтини жорий этилди;
– ҳуқуқий давлат конституциявий принципидан келиб чиқиб, қонунийлик муҳитини таъминлаш ва норма ижодкорлиги сифатини яхшилаш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди, хусусан, қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ошириш, лойиҳаларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмлари такомиллаштирилди, қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш бўйича янгича тизим жорий этилди, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш тизими такомиллаштирилди.
Конституциявий суд давлат органлари судлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш амалиётини қўллаб-қувватлайди. Хусусан, суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 мингдан зиёд (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 мингдан ортиқ (2023 йилга нисбатан 5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 мингдан зиёд (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг
9 мингга яқин (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.
2024 йил давомида Конституциявий судга жами 1400 та мурожаатлар, шундан 1 350 таси фуқаролар, 50 таси юридик шахслардан келиб тушган. Фуқаролар пенсия, фуқаролик, уй-жой, меҳнат қонунчилигининг алоҳида нормаларини конституциявийлигини текшириш юзасидан мурожаат қилган.
Конституциявий суд томонидан 2024 йилда конституциявий назорат тартибида 70 та қонун ва 218 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилган.
Шу билан бирга Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди:
биринчидан, биринчи навбатда давлат хизматчилари ўртасида Конституция тарғиботини кучайтириш, ҳуқуқшунослик йўналишида дарслик ва қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказиш;
иккинчидан, “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилиш, Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчиларини ушбу жараёнга тўлиқ жалб этиб, давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
учинчидан, вилоят ва Тошкент шаҳрида Кенгаш раислари ва ҳокимлар бошчилик қиладиган вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари алоҳида ажратилганлигини инобатга олиб, қонунлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этиш;
тўртинчидан, Конституциянинг шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид қоидалари асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қайта кўриб чиқиш ва тегишли қонун лойиҳасини қисқа фурсатларда Қонунчилик палатасига киритиш;
бешинчидан, шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттириш;
олтинчидан, вазирлик ва идораларнинг низомларини қайта кўриб чиқиб, уларда Конституцияни амалга ошириш бўйича ушбу ташкилот масъул бўлган вазифа ва функцияларини аниқ белгилаб қўйишга қаратилган алоҳида нормаларни белгилаш;
еттинчидан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунда кам таъминланган шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текшириш бўйича мурожаатларини Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқишда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам тақдим этишни белгилаш;
саккизинчидан, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида вазирлик ва идоралар фаолиятига оид тавсиялар мазкур вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилишини мажбурий этиб белгилаш;
тўққизинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чораларни жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда конституциявий талабларга (мутаносиблик, етарлилик конституциявий принциплари, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш мумкин бўлган конституциявий доираси) риоя этиш;
ўнинчидан, Олий Мажлис палаталари ва барча вазирлик ва идоралар юридик хизматлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларнинг Конституцияга мувофиқлигини баҳолашни алоҳида мезон сифатида белгилаш, вазирлик ва идоралар ҳуқуқшунос кадрларини малакасини ошириш жараёнида ҳам уларнинг ушбу масала бўйича кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш;
ўн биринчидан, тартибсиз қурилишлар, қурилиш ишларида хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги аҳоли ҳаёти сифат даражасига салбий таъсир кўрсатишини, шу жумладан, ёш болалар ўлимига сабаб бўлганлигини инобатга олиб, барча йирик қурилиш ишларида хавфсизлик кафолатларини ҳамда ушбу масалада қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, реновацияга оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш;
ўн иккинчидан, тергов ва суд жараёнида вақтинча тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига эътибор қаратиш;
ўн учинчидан, баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш;
ўн тўртинчидан, Конституциядан келиб чиқиб, махсус қонунларда халқаро шартномаларнинг юридик кучи масаласи аниқ тартибга солиш, халқаро шартномалар нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш механизмларини очиб бериш, халқаро шартномаларни судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш учун ҳуқуқий ва процессуал асосларни такомиллаштириш;
ўн бешинчидан, тергов судьяси ваколатларининг қонуний асосларини яратиш чораларини тезлаштириш;
ўн олтинчидан, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан давлат божини тўлаш масаласи бўйича ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш.
Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.
Конституциявий суд қарори Қонунчилик маълумотлари миллий базасида ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 487
- Чоп этиш