Шу билан бирга Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди:
- биринчидан, биринчи навбатда давлат хизматчилари ўртасида Конституция тарғиботини кучайтириш, ҳуқуқшунослик йўналишида дарслик ва қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказиш;
- иккинчидан, “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилиш, Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчиларини ушбу жараёнга тўлиқ жалб этиб, давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
- учинчидан, вилоят ва Тошкент шаҳрида Кенгаш раислари ва ҳокимлар бошчилик қиладиган вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари алоҳида ажратилганлигини инобатга олиб, қонунлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этиш;
- тўртинчидан, Конституциянинг шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид қоидалари асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қайта кўриб чиқиш ва тегишли қонун лойиҳасини қисқа фурсатларда Қонунчилик палатасига киритиш;
- бешинчидан, шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттириш;
- олтинчидан, вазирлик ва идораларнинг низомларини қайта кўриб чиқиб, уларда Конституцияни амалга ошириш бўйича ушбу ташкилот масъул бўлган вазифа ва функцияларини аниқ белгилаб қўйишга қаратилган алоҳида нормаларни белгилаш;
- еттинчидан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунда кам таъминланган шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текшириш бўйича мурожаатларини Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқишда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам тақдим этишни белгилаш;
- саккизинчидан, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида вазирлик ва идоралар фаолиятига оид тавсиялар мазкур вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилишини мажбурий этиб белгилаш;
- тўққизинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чораларни жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда конституциявий талабларга (мутаносиблик, етарлилик конституциявий принциплари, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш мумкин бўлган конституциявий доираси) риоя этиш;
- ўнинчидан, Олий Мажлис палаталари ва барча вазирлик ва идоралар юридик хизматлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларнинг Конституцияга мувофиқлигини баҳолашни алоҳида мезон сифатида белгилаш, вазирлик ва идоралар ҳуқуқшунос кадрларини малакасини ошириш жараёнида ҳам уларнинг ушбу масала бўйича кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш;
- ўн биринчидан, тартибсиз қурилишлар, қурилиш ишларида хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги аҳоли ҳаёти сифат даражасига салбий таъсир кўрсатишини, шу жумладан, ёш болалар ўлимига сабаб бўлганлигини инобатга олиб, барча йирик қурилиш ишларида хавфсизлик кафолатларини ҳамда ушбу масалада қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, реновацияга оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш;
- ўн иккинчидан, тергов ва суд жараёнида вақтинча тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига эътибор қаратиш;
- ўн учинчидан, баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш;
- ўн тўртинчидан, Конституциядан келиб чиқиб, махсус қонунларда халқаро шартномаларнинг юридик кучи масаласи аниқ тартибга солиш, халқаро шартномалар нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш механизмларини очиб бериш, халқаро шартномаларни судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш учун ҳуқуқий ва процессуал асосларни такомиллаштириш;
- ўн бешинчидан, тергов судьяси ваколатларининг қонуний асосларини яратиш чораларини тезлаштириш;
- ўн олтинчидан, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан давлат божини тўлаш масаласи бўйича ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш.
Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.
Конституциявий суд қарори Қонунчилик маълумотлари миллий базасида ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»