1948 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюциясига биноан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. 1950 йилда БМТ томонидан ушбу кунни Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш белгиланди. Декларация инсон ҳуқуқларининг фундаментал асоси ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари – хар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезондир. Шу боис Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжатда ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, тинчликка бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилди. Бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, БМТга аъзо давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида самарали тан олинишига интилишлари зарур.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 100 дан ортиқ халқаро ҳужжат ратификация қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида тизимли имплементация қилиниб, бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимларини топиш” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Форум сайёрамиз миқёсида атроф-муҳит муаммосини ўрганиш, уларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим изчил амалга оширилмоқда. Халқаро жамият томонидан 2024 йилда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 35 йиллиги, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 45 йиллиги, Қийноққа қарши курашиш конвенцияси қабул қилинганлигининг 40 йиллиги кенг нишонланди.
Бунда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифат ҳамда таълим-тарбия ишларини такомиллаштириш, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш муҳим ҳисобланади. Шу муносабат билан, мазкур соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу саналарни нишонлашга бағишланган тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари” ойлигини ўтказиш бўйича тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан тасдиқланди. Ушбу тадбирлар инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор халқаро сана ва юбилейларга бағишланган.
Мазкур ойлик доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Қийноқларга қарши кураш ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича ўқув машғулотлари, урбанизация жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган давра суҳбати, Ўзбекистон Конституцияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича маърифий дарслар шулар жумласидандир.
Шунингдек, шу кунларда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими режалаштирилган. Бу танлов болалар ижодкорлиги ва инсон ҳуқуқларига қизиқишни рағбатлантиришга қаратилган.
Ўтган ҳафтада эса “Инсон ҳуқуқлари уйи” тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Энди шу маърифат масканида, жумладан, Женева конвенциялари 75 йиллиги муносабати билан тадбирлар, инсон ҳуқуқларига оид янги китоблар тақдимотлари ўтказилмоқда.
Дилноза Раҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 10.12.2024
- Кўришлар: 298
- Чоп этиш