13 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, “Тонг юлдузи” ҳамда “Класс” республика болалар нашрлари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Уни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов олиб борди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллиги тантаналари доирасида ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда давом этаётган бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишдир.
Танловга 2024 йил февраль ойида старт берилган эди. Ўтган даврда бу борадаги ижодий мусобақалар 4 та йўналиш, яъни “Энг яхши мақола ва иншо”, “Энг яхши шеър”, “Энг яхши расм”, “Энг яхши видео ролик” номинациялари бўйича ташкил этилди.
Шу қисқа вақт ичида ёш ижодкорлар томонидан “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари таҳририятига 300 дан ортиқ материал ва ижодий ишлар келиб тушди. Натижада танлов ҳайъати Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир ёш ижодкори яратган ижод намунасида ўзига хос ёндашувни кашф этиш имкониятига эга бўлди.
Танловда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги мактаб ўқувчилари вакиллари, айниқса, фаоллик кўрсатди. Натижада 16 нафар иқтидорли ўқувчи ижодий мусобақаларнинг 4 та йўналиши бўйича 1, 2, 3-ўринлар ва рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини таъминлашда халқаро стандартлар ва миллий механизмларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилган.
Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар болалар ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда уларни халқаро стандартлар ва миллий механизмлар орқали амалга ошириш ҳар бир боланинг адолатли ва манфаатли ривожланишини таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланишига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шу маънода, бола ҳуқуқлари том маънода ҳимоя этиладиган ва ҳурмат қилинадиган мақбул муҳитни яратиш учун фақат давлат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти билан чекланиб қолмасдан, жамиятимизнинг ҳам барча қатламларида доимий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш тақозо этилиши таъкидланди.
Бу каби танловлар ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр, садоқат ва ҳурмат туйғуларини янада чуқур сингдириш, фарзандларимизни Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Қолаверса, болалар ўзларининг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан оқилона фойдаланишлари ва мажбуриятларини теран ҳис этишлари учун муҳим туртки бўлиши тайин.
Тантанали тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янги очилган «Инсон ҳуқуқлари уйи»да офлайн ва онлайн тарзда ўтказилди. Тақдирлаш жараёнини пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги ахборот-ресурс марказларида кутубхона ходимлари ҳамда танлов ғолибларининг яқинлари ҳам тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконига эга бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.12.2024
- Кўришлар: 405
- Чоп этиш