17 декабрь куни Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги М.Восиқова номидаги академик лицей ўқувчилари “Инсон ҳуқуқлари уйи”га ташриф буюрди. Ушбу танишув тадбири яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини расман бошлаганлиги муносабати билан ташкил этилди.
Миллий марказнинг бўлим бошлиғи Ҳ.Мўминов ўқувчиларга ушбу маърифат масканини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар, унинг китоб фондида мавжуд адабиётлар, илмий-амалий нашрлар, мамлакатимизда ва халқаро даражада инсон ҳуқуқларига оид муҳим ҳужжатлар, тавсиялар ҳамда илмий адабиётлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, ўқувчилар китоб фондидан фойдаланиш, электрон маълумотлар базаси ва жамланган илмий-таҳлилий манбалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Тадбир доирасида Миллий марказнинг бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Ф.Ҳайитбоев Миллий марказ томонидан олиб борилаётган ишларнинг долзарб жиҳатлари, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этди. Ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларга тўлиқ жавоблар берилди.
Савол-жавоб жараёнларида фаол қатнашган ўқувчиларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Бундай учрашувлар ёш авлод ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, уларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чуқур тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ англаш имкониятини оширади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.12.2024
- Кўришлар: 212
- Чоп этиш