20-21 декабрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида, жумладан, “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Муҳокама асносида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Натижада одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилиб, ушбу жиноятдан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали одам савдоси жиноятини содир этганлик учун жазо чораси кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, муҳокама давомида қонун билан одам савдоси жиноятини ҳомиладор аёлга нисбатан содир этган шахсларга оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилаётганлиги қайд этилди.
Сенаторлар томонидан мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга, уларга қарши самарали курашишга, бундай қилмишлар учун мутаносиб жазо чоралари белгиланишига, қолаверса, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан, 13 та қонун кўриб чиқилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизматининг хабарида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.12.2024
- Кўришлар: 185
- Чоп этиш