23 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейида бўлдилар. Бу саёҳат ҳамкасбларимизга прокуратура тизимининг ҳам шонли тарихи, ҳам собиқ мустабид тузумнинг қатағон сиёсати давридаги қонли ўтмиши билан яқиндан танишиш имконини берди.
Музей дастлаб 2009 йилда ташкил этилган бўлса-да, қисқа муддатдан сўнг ўз фаолиятини тўхтатган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2020 йил 27 январдаги фармойиши билан прокуратура органларининг кўп йиллик тарихини аҳолига холис ва ҳаққоний тарзда етказиш мақсадида музейни қайта ташкил этиш, унинг экспозициясини бойитиш ва бу борада тадқиқотлар олиб боришга киришилган.
Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг 30 йиллиги нишонланган 2022 йилда замонавий технологиялар билан жиҳозланган ҳамда нодир тарихий экспонатлар билан бойитилган Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи расман фаолият бошлаган.
Бугунги кунда музей 7 бўлимдан иборат. Унинг фондида 5 мингга яқин ҳужжат, 7 мингдан ортиқ фото ва видеоматериаллар, 2 мингга яқин экспонат жамланган.
Музейда 36 та асосий экспозиция стендлари жойлашган. Уларда Марказий Осиё ҳудудида илк давлатлар шаклланишидан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган прокуратура тарихи акс этган.
Музейнинг “Янги Ўзбекистон прокуратураси фаолияти” номли бўлимидан сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан прокуратура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот берувчи экспонатлар жой олган.
Миллий марказ ходимларида музейнинг қатағон қурбони бўлган прокуратура фидойиларига бағишланган экспонатлари, айниқса, катта таассурот қолдирди. Муҳаммаджон Мўминов, Дилоро Юсупова, Мирзо Қўқонбой Абдухолиқов, Саъдулла Пўлатхўжаев, Ҳабибулла Саломов каби жасур ва ҳақиқатпарвар прокурорларнинг оғир қисматлари, ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам виждонларига хиёнат қилмасдан, юксак жасорат кўрсатганларидан бугунги кунда ҳар биримиз ибрат олсак, арзийди.
Музейнинг ушбу бўлимидан қатағонга учраган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи 20 га яқин стенд, 30 дан ортиқ махсус муляж ҳамда замонавий технологиялар асосида акс эттирилган овозли-кўргазмали тасвирлар ўрин олган.
Миллий марказ ходимлари собиқ мустабид тузум даврида турли сохта айбловлар, туҳмат ва иғволар билан қатағон қилинган 100 дан ортиқ прокуратура ходимининг тақдири ҳақида тарихий ҳужжатлар ва далиллар орқали маълумотга эга бўлдилар.
Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унинг таркибида ахборот-кутубхона маркази ташкил этилган. Ўзаро дўстона ҳамкорлик тимсоли сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар музейнинг ахборот-кутубхона марказига топширилди.
Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи томонидан ҳам китоблар жамланмаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”га совға қилинди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 24.12.2024
- Кўришлар: 208
- Чоп этиш