27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидовнинг ўз сайлов округидаги учрашувлари бошланди.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонуннинг 339-моддаси “Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишларини ташкил этишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўмаклашиш”, деб номланган. Ушбу моддага кўра:
“Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қонунчилик палатаси депутатини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлайди. Ижро этувчи ҳокимият органлари бинолар ажратилишини ташкил этади, фуқароларни депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиладиган, депутат томонидан фуқаролар қабул қилинадиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилади, қабулларда ва учрашувларда иштирок этиш учун ўз масъул вакилларини депутатнинг таклифига кўра юборади, шунингдек депутатнинг жойлардаги ишига кўмаклашиш юзасидан бошқа чора-тадбирлар кўради”.
Қонун талаби асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари режаси тасдиқланган. Қонунчилик палатаси депутати А.Саидовнинг учрашувлари шу режа бўйича ташкил этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ўз сайловчилари билан дастлабки учрашуви Зангиота тумани марказида бўлиб ўтди.
Бу мулоқот сайловчиларни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган жорий йилда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси билан таништиришдан бошланди. А.Саидов Давлат дастури лойиҳасининг айнан Зангиота тумани ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантиришга қўшадиган ҳиссаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек, ўз сайловчилари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти кейинги йилларда илгари сурган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти юзасидан атрофлича фикрлашди. Давлатимиз раҳбарининг китоблари, маъруза ва нутқлари, хорижий мамлакатлар ҳамда юртимиз ҳудудларига, шу жумладан, Тошкент вилоятига ташрифлари асносида белгилаб берилган муҳим вазифалар инсон бахти, жамият фаровонлиги ва давлат тараққиётида нечоғлик катта аҳамиятга эгалиги хусусида ҳам батафсил сўз юритилди.
А.Саидовнинг учрашувлари ва Қонунчилик палатаси депутати билан сайловчилари ўртасидаги юзма-юз мулоқотлар 1 февралгача давом этади.
Ушбу тадбирларда Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.01.2025
- Кўришлар: 256
- Чоп этиш