Давлат дастури ижросига киришилди

13 февралда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов тадбирни очар экан, даставвал Президентимиз томонидан 2020 йил 22 июндаги Фармони асосида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида 2020-2024 йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида мухтасар тўхталди.

Бу жараёнда  инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, хусусан, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилгани таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Иштирокчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси мазмун-моҳияти ва аҳамияти нуқтаи назаридан айнан қандай масалаларни қамраши зарурлиги ҳақида ўзаро фикрлашдилар, Муҳими, бўлажак Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама ҳимоя қилиш соҳасига салмоқли ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқ бўлишига эътибор қаратилди.

Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech