11-12 февраль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида “Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва уларни амалга оширишнинг миллий механизмлари” мавзусидаги семинар бўлиб ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистон томонининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги муҳим қадамларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг Болаларни ҳимоя қилиш бўлими раҳбари Антониа Людеке “БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг факультатив протоколларининг асосий қоидалари” мавзусида маъруза қилди. Конвенция болаларнинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини белгилаб бериши, шунингдек, конвенциянинг асосий тамойиллари камситмаслик, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш, яшаш ва ривожланиш ҳуқуқи, болалар фикрини инобатга олиш сифатида белгиланганлиги қайд этилди.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш ва Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш йўллари, Болалар омбудсманининг бугунги кунда фаолияти йўналишлари, бола ҳуқуқлари таъминлашдаги роли атрофлича кўриб чиқилди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳманова халқ вакиллари билан мулоқот давомида болаларга нисбатан кузатилаётган зўравонлик ҳолатлари, ота-оналарнинг бола тарбиясидаги масъулияти, Болалар омбудсманининг ёпиқ муассасалардаги мониторинги натижалари ва боланинг энг устун манфаатини таъминлаш зарурати юзасидан фикрлар билдирди.
Шу билан бирга, тадбир давомида бола ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш концепцияси, болалар манфаатлари призмаси орқали бюджет таҳлили муҳокама қилинди. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ижтимоий масалалар бўйича маслаҳатчиси Саидбек Джурабеков томонидан болалар манфаатларини кўзлаган ҳолда бюджет сиёсати орқали камбағал оилалар фарзандларига қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиши лозимлиги, бу эса авлодлараро камбағалликни қисқартиришга ёрдам бериши борасида муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, Бола ҳуқуқларини ҳисобга олган бюджетлаштириш давлат маблағларини болалар манфаатлари йўлида самарали сарфлаш орқали жамият фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, тадбирда бола манфаатларини бюджетлаштириш борасида Озарбайжон тажрибаси бўйича маълумотлар берилди. ЮНИСЕФнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси Ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Рашад Хусейнов Озарбайжонда болалар учун давлат харажатларини ўлчашни қўллаб-қувватлаш, бу орқали ҳукуматнинг мавжуд сиёсатига мувофиқ бюджет сарфларини болаларга йўналтирилган мақсадлар билан мувофиқлаштириш тизими мавжудлиги юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, Озарбайжонда Оила, аёллар ва болалар ишлари бўйича давлат қўмитаси мавжудлиги, ушбу қўмита аёллар ва болалар масалалари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш ва тартибга солиш ваколатига эгалиги таъкидланди.
Семинарнинг якуний қисмида халқаро мажбуриятларни янада самарали амалга ошириш, шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламент назоратини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқаро стандартларни илгари суриш борасидаги муваффақиятлари эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.02.2025
- Кўришлар: 664
- Чоп этиш