Инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар тақдим этилди

19 февраль куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр эттирилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Тошкент давлат юридик университетига тақдим этиш маросими бўлди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ижроси доирасида ташкил этилди. Унда Ички ишлар вазирлиги Академиясининг 2-ўқув курси курсантлари, Тошкент давлат юридик университети талабалари ва ахборот-ресурс маркази ходимлари, шунингдек, докторантлар иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев тадбирни очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Хусусан, Миллий марказ томонидан халқаро шартномаларнинг ўзбек тилидаги нашрлари ва инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётларни кенг жамоатчиликка етказиш, Инсон ҳуқуқлари уйида айни адабиётлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ибратли ишларга эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Тошкент давлат юридик университети ректори вазифасини бажарувчи И.Рустамбеков ва Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Ражабов инсон ҳуқуқларига оид адабиётлардан фойдаланишни кенгайтириш ниҳоятда муҳимлигини эътироф этди. Бу борада замонавий ахборот алмашинув амалиёти изчил жорий қилинаётгани диққатга лойиқ экани таъкидланди.

Тадбир сўнгида Миллий марказ томонидан нашр эттирилган 400 га яқин адабиёт Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Тошкент давлат юридик университетига тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech