Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг бажарилиши юзасидан 

АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури амалга оширилаётганига 2 йил бўлди. Ушбу Дастур Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган.

Дастур Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичи талабларини миллий ҳуқуқий муҳитда амалга оширишга қаратилган. Яъни, айни ҳуқуқий ҳужжат бу борадаги жаҳон тажрибаси ва миллий амалиётни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқилган.

Дастурнинг ҳар битта йўналиши бўйича парламент, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар Дастур ижроси бўйича “Йўл харитаси”нинг 30 бандидан 17 таси тўлиқ бажарилган.

Дастурнинг биринчи йўналиши доирасида, хусусан, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилиб, пойтахтда ва вилоятларда халқаро конференция ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Маҳаллаларда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида учрашувлар ўтказилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идоралар ҳам самарали тарғибот ишларини олиб борди. Миллий марказ ташаббуси билан 2023-2024 йиллар мобайнида 2 маротаба «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказилди.

Дастлаб олтита олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича махсус курслар очилди. Бундай курслар 14 та ҳудуддаги 114 та олий таълим муассасаси ва 330 та профессионал таълим ташкилотида ҳам татбиқ этилди.

Шу билан бирга, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб 11 та тиббиёт олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари” бўйича 60 соатлик махсус ўқув модули жорий этилди.

Дастурнинг иккинчи йўналиши доирасида, жумладан, Миллий марказ, Судьялар олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Олий суд ҳамкорлигида “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида 4 ҳафталик “Ёзги мактаб” ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги 14 та ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги очилди. Уларга Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 1 минг 600 нусха ҳуқуқий адабиёт тақдим этилди.

Миллий марказ томонидан 2023-2024 йилларда 10 та янги тўплам нашр этилди. Жумладан, 2024 йилда 45 та халқаро ҳужжат таржима қилиниб, 4 та халқаро шартномалар тўплами чоп этилди.

Ички ишлар ва прокуратура органлари, жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси 2023 йилда – 10 та, 2024 йилда – 11 та ҳудудда ўтказилди.

Кейинги икки йил давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида курслар ташкил этилди. Бу машғулотларда 40 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари миллий ҳисоботлар тайёрлаш, халқаро тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича кўникма ҳосил қилди.

Дастурнинг учинчи йўналиши доирасида, хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” курслари бўйича таълим ташкил этилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ишчи гуруҳи айни соҳадаги дарсликлар, ўқув дастурлари ҳолатини танқидий кўриб чиқиб, тегишли таклифлар тайёрлади. Натижада янгиланган модуллар амалиётга жорий этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига мансуб юртдошларимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар Дастурнинг тўртинчи йўналишида белгиланган. Ушбу бандлардаги вазифалар доимий бўлганлиги учун тегишли топшириқлар бўйича ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Жумладан, ўтган даврда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан барча вилоятлар ва Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига бағишлаб 143 марта семинар-тренинг ўтказилди.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши устидан 3 та жамоатчилик мониторинги ҳамда 10 та турли тадбирлар ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги, шунингдек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 45 йиллиги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллиги муносабати билан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Миллий марказ томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда “Аёллар ҳуқуқлари” ўқув курси ўтказилди.

Шу ўринда Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Миграция агентлиги билан ҳамкорликда “Мигрантлар ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида махсус ўқув курси ташкил қилинганини ҳам қайд этиш лозим.

Дастурнинг бешинчи йўналиши доирасида фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда юртимиз бўйлаб 2023-2024 йиллар давомида 187 та тадбир ўтказилди. Шунингдек, муқобил маърузалар тайёрлаш бўйича учта семинар-тренинг ташкил этилди.

Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” бўйича ўқув курси ўтказилиб, машғулотларга 12 минг 695 нафар тадбиркор ва фермер қамраб олинди.

Касаба уюшмалари тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида 7 та таълим йўналишида “Инсон ҳуқуқлари” фанини ўқитиш йўлга қўйилди.

Дастурнинг олтинчи йўналиши доирасида, хусусан, Миллий марказ томонидан мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари ҳамда тарбияланувчилари учун 2 та қўлланма тайёрланди.

Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва бу борада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши” мавзусидаги ўқув курсида 79 нафар мутахассис қатнашди.

Дастурнинг охирги, еттинчи йўналиши доирасида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Европа Кенгаши билан биргаликда 2023–2024 йилларда қарийб 40 та тадбир ўтказилди.

Жумладан, Миллий марказ халқаро ҳамкорлар билан бирга аёллар етакчилигини рағбатлантириш, фуқаросизликка барҳам бериш, миллий озчиликлар ҳуқуқи, халқаро тавсияларни бажариш механизмлари, маҳкума аёллар билан муомала қилиш қоидалари, хотин-қизларнинг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги роли каби мавзуларда қатор семинарлар ташкил этди.

Дастур ижроси доирасида, бир томондан, аҳолининг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотлардан хабардорлиги ошди, давлат органлари ходимлари, талаба-ёшлар, нодавлат ташкилотлар жараёнга кенг жалб этилди. Иккинчи томондан, халқаро анжуманлар, ўқув курслари, семинарлар тарзида кўплаб амалий тадбирлар бажарилди.

Янада муҳими, айни жараёнда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 октябрдаги резолюцияси билан эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини мамлакатимизда изчил амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech