Янги Ўзбекистон ва фуқаролик жамияти ривожи

27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни

 

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳаётимизнинг бошқа муҳим соҳалари ва устувор йўналишлари қатори фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга оид нормалар ҳам киритилган. Бундан кўзланган мақсад, шубҳасиз, мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттиришдир.

Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат қураяпмиз. Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатларининг конституциявий негизда белгиланиши тимсолида ана шу масъулиятли жараёнларда жамиятимизда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин ҳозирланди.

Аввало, Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг XIII боби «Фуқаролик жамияти институтлари» деб номланди. Янги таҳрирдаги Конституция тимсолида миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилди. Ушбу институтлар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланди.

Асосий қонунимизнинг 69-моддасига кўра: «Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади. Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади».

Конституциянинг эски матнида «жамоат бирлашмалари» тушунчасига берилган таъриф янада аниқлаштирилди. Бош қомусимизнинг 70-моддаси жамоат бирлашмалари фаолиятини кафолатловчи норма билан тўлдирилди.

Эндиликда ушбу конституциявий моддага биноан: «Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ҳамда фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади. Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, уларнинг фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади».

Давлат зиммасига фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ муайян мажбуриятлар юкланди. Конституциянинг 72-моддаси биринчи бандига мувофиқ: «Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади».

Шу билан бирга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашмаслиги, демакки давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари бир-биридан мустақил равишда фаолият олиб бориши кафолатлаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг 72-моддаси иккинчи бандига асосан: «Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди».

Бундан ташқари, Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари қаторидан жой олди. Конституциянинг 115-моддаси олтинчи бандига кўра, Вазирлар Маҳкамаси: «фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди».

Конституциянинг 36-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Конституциянинг 115-моддаси ўнинчи бандида ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида: «ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция кўринишларига қарши курашиш» вазифаси белгиланган. Бу, ўз навбатида, айни жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилишини ҳам назарда тутади.

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган барча эзгу амаллар замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тизимни янада тараққий эттириш, хусусан, бахтли ва осойишта, обод ва фаровон, тўкис ва муносиб ҳаёт кечиришимизга боғлиқ барча масалалар ечимини халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширишга оид ташаббуси мужассам. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Янги Ўзбекистонни барпо этишда биз учун энг муҳим ва асосий пойдевор бу – халқ овози, халқ фикри устувор бўлган маҳалладир».

Шу маънода, янгиланган Конституциямизнинг 127-моддаси иккинчи бандида: «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли», деган нормалар мустаҳкамлангани жуда муҳим. Бунда, бир томондан, маҳалла тизимининг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги қатъий белгиланган бўлса, иккинчи томондан, маҳаллаларнинг қонунга мувофиқ ва мустақил фаолият олиб бориши кафолатланган.

Ўз навбатида, Асосий қонунимизнинг 127-моддаси учинчи бандида давлатнинг маҳаллалар фаолияти учун масъул экани таъкидланган. Яъни: «Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади».

Янги таҳрирдаги Конституциямизда бундай кафолатларнинг белгиланиши маҳаллаларга: биринчидан, ўз ҳудудини мустақил бошқариш; иккинчидан, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш; учинчидан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш; тўртинчидан, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш; бешинчидан, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида муҳим имкониятларни тақдим этади.

Мазкур янги конституциявий нормалар фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиз ҳаётидаги ролини янада ошириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишидан далолат беради. Бу бежиз эмас. Чунки маҳаллалар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги қамровдор ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишда беқиёс ўрин тутади.

Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконни кенгайтириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талабларидан келиб чиқиб, 2018 йил 12 апрелда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини қайд этиш лозим. Айни йўналишда, шунингдек, бир қатор қонунлар янги давр талаблари асосида такомиллаштирилди, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда ижрога қаратилди.

Ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ушбу соҳанинг жорий ва истиқболдаги устувор мақсадлари ҳамда асосий вазифалари белгилаб берилди. Бунда, авваламбор, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади «Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш», деб номланганига эътибор қаратиш зарур.

Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш» деб номланган. Унда, хусусан, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш; вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини «Давлат – халқ хизматчиси» тамойили асосида фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш вазифалари белгиланган.

Энг асосийси, Тараққиёт стратегиясининг «Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» деб номланган 12-мақсадида бу борадаги бевосита муҳим бир қатор вазифалар назарда тутилган. Жумладан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш учун, хусусан, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари лойиҳаларини очиқ эълон қилиб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилаётгани аҳамиятлидир.

Бугунги кунда жамоатчилик назоратининг қонуний асослари янада мустаҳкамланмоқда. Шу асосда жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари изчил жорий этилаётгани жуда муҳим. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, «жамоатчилик назорати бу — фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир».

Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистлар касбий фаолиятининг ҳимояси ҳам изчил кучайтирилмоқда. Бу мақсадга эриш учун, биринчи навбатда, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартиби жорий қилинаётгани эътиборлидир.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни янада кучайтирилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегиясининг 89-мақсади «Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш» деб аталгани катта аҳамиятга эга.

Айни йўналишда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам муҳим мақсад ва вазифалар назарда тутилган. Бунга Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури яққол мисолдир.

Аввало ушбу ҳужжатлар лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши жараёнида кўплаб таклифлар ва янги ташаббуслар келиб тушгани мамлакатимизда фаол фуқаролик жамияти ривожланаётганидан далолат беради. Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси янги давр талабларига ҳамоҳанг, яъни кенг ва очиқ тарзда ташкил этилгани учун жуда натижадор бўлди. Жамоатчилик фикри асосида салкам 100 та концептуал таклиф ва мингдан зиёд аниқлаштирувчи ва таҳририй тавсиялар лойиҳа матнини такомиллаштиришда ҳисобга олинди.

Президент Фармони ва Давлат дастурининг ўзида ҳам фуқаролик жамияти институтларига улкан ишонч билан ёндашилгани эътиборга сазовор. Хусусан, Фармоннинг 34-бандида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” ҳаракатига Давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориш ҳамда бу борадаги натижалар бўйича ҳар ойда Президент Администрациясига ахборот киритиб бориш тавсия этилган бўлиб, ўз навбатида, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари зиммасига ушбу фуқаролик жамияти институтларининг айни соҳадаги фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаси юкланган.

Давлат дастурининг Амалий тадбирлар режасидаги 74-мақсад аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”га айлантиришга қаратилган. Шу асосда бугунги кунда ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда маҳалла институтининг ролини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга киришилди.

Шунингдек, Амалий тадбирлар режасидаги 83-мақсад эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш вазифаларини ўзида қамрайди. Ушбу мақсадга эришиш учун учта йўналишда:

биринчи йўналиш – ҳар йили “Энг яхши ахборот хизмати” танловини йўлга қўйиш;

иккинчи йўналиш – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида яқин мулоқотни йўлга қўйиш, соҳа ва тармоқда сақланиб қолаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш механизмларини кенгайтириш;

учинчи йўналиш – давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини оширишда парламент назорати самарадорлигини кучайтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 27 январдаги қарори билан “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича 2025 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди.

 Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ушбу муҳим ҳужжатлар ижроси бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди, Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши қайта ташкил этилди. Зеро, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари – кенг жамоатчилик вакиллари айни жараёнларга жалб қилингандагина кутилган самараларини беради.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ва таъсирчан ролини оширади. Бинобарин, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш, бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришда айнан фуқаролик жамияти институтлари беқиёс аҳамият касб этади.

Дарвоқе, ҳар йили 27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади. Ушбу сана сайёрамиздаги жамиятлар манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган барча миллий, минтақавий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган. Бугунги кунда бутун дунёдаги бундай ташкилотлар сони қарийб 10 миллионтадир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech