27 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Сирдарё вилоятидаги бир қатор таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳолатини ўрганишга қаратилган кенг қамровли мониторинг ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Хусусан, Гулистон шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми, Гулистон давлат университети ва Гулистон давлат педагогика институтида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари”нинг ўқитилиш сифати ўрганилди.
Ушбу мониторинг Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.
Айни йўналишда Миллий марказ томонидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Сирдарёда ўтказилган мониторингда инсон ҳуқуқлари, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, уларнинг маиший зўравонликка қарши курашда ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам олиш имкониятларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида аҳоли, хусусан, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта аҳамият берилмоқда. Чунки таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича билимларнинг янада мустаҳкам ўқитилиши ҳисобига пировард натижада фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини онгли равишда ҳурмат қилишига эришиш мақсади кўзланган.
Мониторинг асносида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари ўзаро ҳамкорликда тегшли таҳлил ва тадқиқотларни амалга оширмоқда.
Ўрганиш натижалари бўйича тавсиялар Сирдарё вилоятидаги таълим муассасаларига тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.02.2025
- Кўришлар: 682
- Чоп этиш