Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши қайта ташкил этилди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари – кенг жамоатчилик вакиллари айни жараёнларга жалб қилингандагина кутилган самараларини беради. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта аҳамият касб этмоқда.

27 февраль куни бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази ҳузурида қайта ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши таъсис йиғилишида даставвал шу ҳақда сўз борди.

Таъсис йиғилишида Жамоатчилик кенгашининг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда келгусидаги режалари муҳокама қилинди. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг йўналишлари этиб, жумладан:

- Марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва аҳолининг хабардорлигини ошириш соҳаларида жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида Марказ томонидан тайёрланган йиллик ҳисоботларни кўриб чиқиш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стратегиялар, шунингдек, Марказ фаолиятининг таъсирини баҳолаш;

- фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиялар, миллий ҳаракат режалари ва бошқа чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш;

- Марказ фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини кузатиб бориш ва таҳлил қилиш;

- Марказ фаолияти шаффофлигини мониторинг қилиб бориш;

- Марказ фаолияти билан боғлиқ давлат харидлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнларини кузатиш каби йўналишлар белгиланди.

Жамотчилик кенгаши йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 2020-2024 йилларда бажарилиши ҳолатига баҳо берилди. Шунингдек, Марказ томонидан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг фаолиятига оид ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Кенгашнинг Низоми ва таркиби тасдиқланди.

Жамоатчилик кенгаши таркиби мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, жумладан болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳисса қўшиб келаётган жамоатчилик вакиллари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ва фан соҳаси вакилларидан иборат.

Жамоатчилик билан ишлаш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг раиси этиб сайланди.

Жамоатчилик кенгашининг котиби лавозимига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларга, таълим ва тарбияга катта ҳисса қўшиб келаётган тажрибали педагог, таниқли олима  – Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Гавҳар Юлдашева сайланди.

Йиғилиш якунида Кенгаш аъзолари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш, Марказ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тадбирлари самарасини яхшилаш бўйича тавсиялар билдириш юзасидан келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

"Дунё" АА

UzDaily.uz

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech