26-27 февраль кунлари “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси Сирдарё вилоятида давом этди.
Машғулотлар аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашроповнинг видеомурожаати тингланди.
Сўзга чиққанлар ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтдилар. Шу жумладан, тадбир БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларида қийноққа солишга қарши курашиш соҳасида билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга мўлжалланганлиги таъкидланди.
Қайд этиш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Ўқув курси дастури доирасида бир қатор долзарб мавзуларда маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилди. Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа оид ишлари бўйича суд амалиёти” “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузалар тақдим этилди.
Ўқув курсида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Шунингдек, “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”,“Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”,“Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзуларида ҳам маърузалар тақдим этилди.
Ўқув курси давомида Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларига риоя қилиш бўйича ходимларнинг масъуллигини ошириш бўйича кўникмалари мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Сирдарё вилояти
ички ишлар бошқармаси
- Қўшилди: 28.02.2025
- Кўришлар: 800
- Чоп этиш