28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида гибрид форматда етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида суд амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиҳатларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилди. Муҳокамаларда 50 дан ортиқ судья, жумладан, Олий суд, туман ва вилоят судлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати БМТнинг етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакиршнан Ражагопалнинг 2024 йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тақдим этган тавсияларини амалга ошириш доирасида ўтказилди. Б.Ражагопал БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 40-сессиясида тақдим этган ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб 1,8 миллиардга яқин одам уй-жой билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда, шаҳар аҳолисининг 25 фоизи норасмий аҳоли пунктларида яшайди.
Замонавий шароитда ушбу муаммо халқаро стандартлар ва энг яхши ҳуқуқни қўллаш амалиётига асосланган тизимли ёндашувни талаб қилган ҳолда алоҳида долзарблик касб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 27 февраль куни ўтказилган йиғилиш доирасида иқтисодий ва фуқаролик судлари тизимини ислоҳ қилиш ва ягона суд амалиётини йўлга қўйиш, шунингдек, ушбу соҳадаги қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, суд тизимини фуқароларга янада яқинлаштириш ва молиялаштиришни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Суд тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда, жумладан, иқтисодий судлар тизимини ислоҳ қилиш ва уларда ягона суд амалиётини йўлга қўйиш масалалари алоҳида қайд этилди. Соҳага оид қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, суд тизимини халққа янада яқинлаштириш ва молиялаштиришни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов ўз сўзида етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида миллий қонунчилик ва суд амалиётини янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. БМТ тавсиялари Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов етарли уй-жойга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири эканлигига эътиборни қаратди. Олий суд фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларни ҳисобга олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бериш, жумладан халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳадаги суд амалиётини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиради.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер онлайн мурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг фикрича, инсон ҳуқуқлари, хусусан, етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқ соҳасидаги халқаро стандартларни янада изчил татбиқ этиш муҳим, чунки бу фуқароларни ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмларини жорий этиш имконини беради.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер БМТ Махсус маърузачисининг асосий хулоса ва тавсияларини тақдим этди. Бунда суд жараёнларининг шаффофлиги ва аҳолининг заиф қатламларига тизимли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар мажбурий кўчириш ва уй-жой ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Судлар ўз қарорларида қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиб, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ва манфаатларини инобатга олиши шарт экани таъкидланди.
Муҳокамаларда, шунингдек:
- уй-жой масалалари бўйича судьялар малакасини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш;
- фуқароларга ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун суд органлари, тегишли давлат муассасалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
- БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тузилмалари тавсиялари ва илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, суд амалиётини фуқаролар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш йўналишида мослаштириш;
- тартиб-таомилларнинг шаффофлигини ошириш ва жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун уй-жой соҳасида жамоатчилик иштироки ва фуқаролик назорати механизмларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Давра суҳбати якунида бундай тадбирлар илғор тажриба алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш сифатини оширишга, шунингдек, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 741
- Чоп этиш