Талабалар учун инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарси ўтказилди

28 февраль куни Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент давлат транспорт университети талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиёти” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилди.

Талабаларга инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва миллий меъёрларнинг амалиётда қўлланилиши, халқаро шартномаларнинг аҳамияти ва уларни ижро этиш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик жараёнлари ҳақида ҳам хабардор қилинди.

Иштирокчилар халқаро шартномаларнинг ўзбек тилидаги нашрлари, инсон ҳуқуқларига оид сўнгги ҳуқуқий адабиётлар ва ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида ҳам маълумот олдилар. Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти, унинг кутубхона фонди, мавжуд адабиётлар ва ресурслардан фойдаланиш тартиби бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Маҳорат дарси талабаларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини бойитиш, уларда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Бундай тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилиши ва талабаларга инсон ҳуқуқлари бўйича янада кенгроқ билимлар берилиши режалаштирилган.

Тадбирда иштирок этган Тошкент давлат транспорт университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси профессори Муаттар Раҳимованинг фикрича, ушбу маҳорат дарси ёш ҳуқуқшуносларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ибратли халқаро ҳуқуқий тажрибалар билан таништиришга хизмат қилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech