Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ: 

Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш ва компенсация тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Қарорга кўра: 

кундузги парвариш хизмати якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин; 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари тегишлича давлат шериги ҳисобланади; 

кундузги парвариш хизматининг давлат хусусий-шериклик тўғрисидаги битимлари Агентликнинг “Кундузги парвариш хизматини бошқариш” ахборот модулида электрон шаклда тузилади ва томонларнинг электрон рақамли имзолари билан тасдиқланади. 

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади. 

2025 йил 1 мартдан бошлаб кундузги парвариш хизматига жалб этилган ходимлар учун Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш марказида малака ошириш курслари ташкил этилади. 

Малака ошириш курслари 36 соатдан кам бўлмаган ўқув дастури (онлайн ёки офлайн шаклда) бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўлов-шартнома асосида ташкил этилади ва малака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган шахсларга амал қилиш муддати уч йил бўлган сертификат берилади. 

Кундузги парвариш хизматига биринчи марта ишга қабул қилинган шахслар икки ой ичида малака ошириш курсларидан ўтиши шарт. 

Малака ошириш курсида ўқув жараёни Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурга мувофиқ ташкил этилади. 

2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида давлат муассасаси шаклида Андижон вилояти Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилади.  

Марказда босқичма-босқич ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлари учун ижтимоий ва тиббий реабилитация хизмати, касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўқитиш хизматлари ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг болалари учун қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech