18 апрель куни Тошкент давлат юридик университетининг “Жиноий-ҳуқуқий фаолият” йўналишида таҳсил олаётган талабалари учун “Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди. Тадбир Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижроси доирасида ташкил этилди.
Маҳорат дарсини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими мутахассиси Султонов Нодирбек олиб борди.
Машғулот давомида талабаларга ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, мавжуд қонунчилик асослари ҳамда халқаро ҳуқуқий нормалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномалар асосидаги ёндашувлар юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.
Тадбирда ногиронлар ҳуқуқларини амалда таъминлашга қаратилган ислоҳотлар – инклюзив таълимни жорий этиш, меҳнатга оид тенг имкониятларни яратиш, ижтимоий инфратузилмани мослаштириш ва жамиятда уларнинг тўлақонли иштирокини таъминлаш каби масалалар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан чиқиш қилдилар ва соҳага доир чуқурроқ билимга эга бўлдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга тегишли тавсиялар берилиб, бу каби учрашувларни мунтазам давом эттириш бўйича фикрлар билдирилди.
Интерактив шаклда ташкил этилган мазкур маҳорат дарси талабалар учун нафақат назарий билим, балки инсон ҳуқуқлари, хусусан, ногиронлар ҳуқуқларини англаш, бу борада юридик ва ахлоқий ёндашувларни шакллантиришга қаратилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.04.2025
- Кўришлар: 135
- Чоп этиш