«Бағрикенг жамият – барқарор давлат» тамойили асосида тизим йўлга қўйилади

Тизим виждон эркинлигини таъминлаш, турли конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

«Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш;

- диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали замон талабларига мос мутахассисларни етиштириш;

- аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.

«Бағрикенг жамият – барқарор давлат» тамойили асосида янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бунда қуйидаги ташкилотлар ҳамкорлик қилади:

- Дин ишлари бўйича қўмита

- Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси

- Ёшлар ишлари агентлиги

- Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

- Ички ишлар вазирлиги

Ушбу ҳамкорлик тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- диний соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

- виждон эркинлигини таъминлаш, турли конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech