Бугунги кунда тараққиёт замон талабига мос, билимларни чуқур эгаллаган мутахассислар малакаси билан чамбарчас боғлиқ.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳам Янги Ўзбекистонда ёш авлодни баркамол инсон сифатида тарбиялаш, мустақил ҳаётга қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратиш йўлида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бу, ўз навбатида ҳар жиҳатдан салоҳиятли, ватанпарвар, фидойи кадрлар сафи йилдан-йилга кенгайишини таъминламоқда.
Жумладан, куни кеча Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумнинг мақсад ва вазифалари ҳусусида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов қуйидагиларни маълум қилди.
–Ушбу Меморандум давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълим шаклида юридик фанлар тармоғи бўйича илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш соҳасини янада ривожлантириш йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.

Мазкур ҳужжат орқали юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишларида, шунингдек, ўзаро ҳамкорликда ташкил этиладиган турли тадбирларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади.

Шунингдек, табиий ва инсон фаолияти натижасида юзага келган фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизликни бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, фавқулодда вазиятларга оид қонунлар, бундай вазиятларда хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий масалалари бўйича таълим ва илмий-тадқиқот ишлари йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу меморандум ҳар томонлама салоҳиятли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 22.04.2025
- Кўришлар: 105
- Чоп этиш