«Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда». Ушбу эътироф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги нутқида янгради.
21 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидов Термиз давлат университети талаба ёшлари билан ўтказган учрашув айни фикрларнинг атрофлича талқинидан бошланди. Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” рукни доирасида ташкил этилди.
Академик А.Саидов янги таҳрирдаги Конституциямиз, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва демократик қадриятларга устувор аҳамият берилаётганини таъкидлади. Ватанимизнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш ва инсон ҳуқуқлари бўйича юқори стандартларга эришишдаги саъй-ҳаракатлар нечоғлик муҳимлигига эътиборни қаратди.
Мулоқот давомида, шунингдек, жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро принциплар ҳамда давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Халқаро ҳуқуқ тизимидаги замонавий ўзгаришлар ва уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни, шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва ёшларнинг бу борадаги роли хусусида алоҳида сўз юритилди.
Тадбир ёшлар учун билим ва кўникмаларини ошириш, ҳуқуқшунослик соҳасидаги замонавий илмий қарашлар ва ҳаётий тажрибалар, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-назарий билимларини чуқурлаштириш ва амалиётга йўналтириш борасида муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, талабаларга ҳуқуқ соҳасини ўрганишнинг аҳамияти, адабиёт ва ҳуқуқ ўртасидаги узвийлик каби масалалар юзасидан ҳам қизиқарли маълумотлар берилди.
Таниқли олим билан юзма-юз мулоқот ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ йўналишидаги салоҳиятини ошириш, уларнинг жамият ва давлат ишларидаги иштирокини янада фаоллаштиришга йўналтирилган муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Самимий ва қизғин мулоқот доирасида академик А.Саидовнинг “Янги Ўзбекистон Конституцияси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳуқуқшунос олим янги нашр этилган илмий асарларини Университет кутубхонасига совға қилди.
Учрашув якунида академик А.Саидов Термиз давлат университети Юридик факультети қошида ташкил этилган "Ёшлар маркази" фаолияти билан танишди. Бу ерда илм-фан ва ўқув жараёни учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.
Тадбирларда Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Мурод Турғунов ҳам иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.04.2025
- Кўришлар: 130
- Чоп этиш