Суд-тиббиёт экспертлари учун халқаро стандартлар бўйича тренинг ўтказилди

Термиз шаҳрида "Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш" мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Ўқув машғулотида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг тиббиёт мутахассислари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг суд-тиббий экспертлари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор мутахассисларнинг Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш бўйича халқаро стандартлар ҳақидаги билимларини оширишга қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўз сўзида 2020-2024 йилларда ЕХҲТ кўмагида қийноқ ҳолатларини самарали текшириш ва ҳужжатлаштириш бўйича ўндан ортиқ ўқув тадбири ўтказилгани, ўз навбатида, ушбу тренинг БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурининг бир қисми ҳисобланишини қайд этди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасида сезиларли ютуқларга эришмоқда, маҳбуслар билан муомала қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни фаол жорий этмоқда. Мамлакатда қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

А.Саидов қайд этганидек, шафқатсиз муомала ва қийноқлардан холи бўлиш халқаро ҳужжатларда ҳам, миллий қонунчиликда ҳам мустаҳкамланган асосий ҳуқуқдир. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар қандай ҳолатда ва истисносиз тарзда қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалада бўлиш қатъиян тақиқланган.

Ўқув машғулотлари давомида иштирокчилар Истанбул протоколи қоидалари билан батафсил танишдилар. Қийноқларнинг олдини олишга оид асосий халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчиликни ўргандилар.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилиниб, қийноқларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар ҳақида зарур маълумотларга эга бўлдилар.

Қийноқларга дучор бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, қийноқларни ҳужжатлаштириш ва олдини олиш жараёнида тиббиёт ходимларининг роли масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Кейинги шундай ўқув машғулоти 24-25 апрель кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech