Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот

Жорий йилнинг 29 апрелидан – 2 майигача Тошкент шаҳрида шу мавзуда тўрт кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган ушбу курс инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият юритаётган давлат органлари ва идоралари мутахассислари учун мўлжалланган.

Ўқув курси Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида амалга оширилди. Мазкур тадбир Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенциянинг 60 йиллиги, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1325-резолюциясининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Машғулотларнинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий нормалар, БМТ механизмлари, ҳисобот бериш жараёнлари, таълим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдир. Унда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишда бевосита иштирок этаётган вазирлик ва идоралар вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассислари – 20 дан ортиқ тингловчи иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.

Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Тўлаганов инсон ҳуқуқлари тушунчаси, унинг тарихий ривожланиши ва турлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Ўз навбатида, Тошкент давлат юридик университети профессори Говхержан Юлдашева БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шартномавий органлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ҳақида маъруза қилди.

Шунингдек, Миллий марказ докторанти Шаҳло Сафарова “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида маъруза қилди. Куннинг иккинчи ярмида Дилноза Раҳматжонова ва Робия Арслонова томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформада амалий машғулот ўтказилди.

Иккинчи куннинг дастлабки маърузасини Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўткир Очилов тақдим этди. У Ўзбекистоннинг БМТ шартномавий органлари олдида ҳисобот бериш амалиёти, унинг шакл ва мазмуни, ҳисобот бериш босқичлари ва тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берди.

Миллий марказ масъул ходими Нодирбек Султонов Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси тўғрисида маъруза қилди. Миллий марказ бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов эса БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ва амалий натижалар ҳақида ахборот берди.

Иккинчи куннинг давомида тингловчилар “Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача бўлган Миллий стратегия” лойиҳаси билан танишдилар ва миллий маслаҳатлашувда иштирок этдилар.

Учинчи куни Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжан Матчанов БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси ва унинг миллий ижроси бўйича маъруза қилди.

Миллий марказнинг бўлим бошлиғи Иқбол Абдумажидов БМТнинг Универсал даврий ҳисобот жараёни ва тавсияларни бажариш механизми ҳақида сўзлади. Шунингдек, марказ бош мутахассиси Аббосбек Набиев Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ижроси ҳамда индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳақида маълумот берди.

Курснинг охирги куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулла Аслонов парламентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги роли ва халқаро мажбуриятларга ёндашувлари ҳақида маъруза қилди.

Миллий марказ бўлим бошлиғи Фарход Ҳайитбоев ва бўлим мутахассиси Холмуҳаммад Абдурасулов томонидан БМТнинг Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Кун якунида тингловчилар тест синовларидан ўтди. Уларнинг билими ва амалий кўникмалари баҳоланди. Тадбирнинг ёпилиш маросимида барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур тўрт кунлик ўқув курси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий амалиётга интеграция қилиш, давлат органлари мутахассисларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳисобот тизимини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни рақамлаштиришга муҳим ҳисса қўшишга қаратилгандир.

Тадбир иштирокчилари машғулотлар сифатини юқори баҳолаб, амалий фойдаси ва мазмундорлигини алоҳида таъкидладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech