12 май куни Бухоро вилоятидаги ҳудудларда ер участкаларини компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибига риоя қилиш ҳамда аҳолининг етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи масалалари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан жамоатчилик мониторинги бошланди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
Мазкур жамоатчилик мониторингидан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонидаги тегишли вазифалар ижросини таъминлашдир. Бунда, шунингдек, “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси” талабидан келиб чиқилмоқда.
Даставвал, вилоят ҳокимлиги биносида Миллий марказ, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ишчи гуруҳ томонидан “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ижроси ва фуқароларга тўлаб берилган компенсацияларга оид тегишли ҳужжатлар ўрганилди. Шунингдек, фуқароларни мажбурий кўчиришдан ҳимоялаш ва уларнинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида ҳудудларда мониторинг ишлари олиб борилди.
Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари Когон тумани ҳокимлигида бўлди. Туман ҳокими О.Қозоқов ҳудуддаги ер участкалари компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган уй-жойлар ҳақида маълумот берди.
Когон туманининг Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳи яқинидаги ер участкалари компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган уй-жойлар ўша ернинг ўзида ўрганилди. Фуқароларга компенсация эвазига берилган турар-жойлар кўздан кечирилди.
Бу ерда, шунингдек, уй-жой эгалари билан суҳбатлашилди. Уларга мол-мулк ва муносиб турар-жойга эга бўлиш ҳақидаги ҳуқуқлари тушунтирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.05.2025
- Кўришлар: 145
- Чоп этиш