Кейинги даврда 15 май – Халқаро оила куни ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланадиган бўлди. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро оила куни инсон ҳуқуқларининг асосий таянчи бўлмиш оилани улуғлайди. Мустаҳкам ва соғлом оила ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, эркинлиги ва фаровон ҳаёти кафолатидир. Оилада муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлар устувор бўлса, жамиятда ҳам адолат ва барқарорлик қарор топади.
14 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бухоро шаҳридаги 17 ва 43-умумий ўрта таълим мактабларида ҳуқуқий маърифат дарслари ўтказилди. Маърифий тадбирлар айни шу халқаро санага бағишланди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари қатнашган ҳуқуқий маърифат дарслари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Н.Аслонов ҳамда Н.Султонов томонидан ўтказилди.
Миллий марказ ходимлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида оила институти жамиятнинг асосий бўғини сифатида тан олинганига эътиборни қаратдилар. Оила давлат томонидан ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатдан муҳофаза қилиниши кафолатлангани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямиз ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгиланган болаларнинг ҳуқуқлари, жумладан, соғлиқ, таълим, хавфсизлик, зўравонликдан ҳимоя ва тенглик ҳуқуқлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан иккита мактаб кутубхоналарининг ҳар бирига 25 тадан ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар беғараз тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.05.2025
- Кўришлар: 277
- Чоп этиш