21 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида "Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг намунавий қонун ижодкорлиги истиқболлари: мулоқот ва ечимлар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Анжуман XIII Петербург халқаро юридик форуми доирасида ташкил этилди.
Тадбир МДҲ Парламентлараро Ассамблеясини ташкил этиш тўғрисидаги конвенция имзоланганининг 30 йиллигига бағишланди. Унда МДҲ мамлакатлари қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти намояндалари, юридик соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва эксперт-таҳлилчилар иштирок этди.
Давра суҳбатига Россия Федерацияси Конституциявий судининг истеъфодаги судьяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссияси ҳузуридаги Эксперт кенгаши аъзоси Владимир Ярославцев модераторлик қилди.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Бош котиби – Парламентлараро Ассамблея Кенгаши котибияти раҳбари Дмитрий Кобицкий иштирокчиларга мурожаатида намунавий қонунчилик тавсиявий мазмунга эга эканлигини қайд этди. Бу қонунчилик ҳужжатлари МДҲ мамлакатлари суверенитетини чекламаслигига эътиборни қаратди.
Давра суҳбатининг биринчи сессияси "Миллий қонунчиликни ривожлантиришда намунавий қонун ижодкорлиги вазифалари" мавзусига бағишланди. Иккинчи сессияда иштирокчилар МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг намунавий (модель) қонунчилик ҳужжатларига Ҳамдўстлик маконида бўлган талаб ҳақида гапирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов давра суҳбатидаги нутқининг бошида Ўзбекистон парламенти МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг қонун ижодкорлиги фаолиятини эътироф этаётганини, давра суҳбатининг мавзуси ғоят муҳим ва долзарблигини таъкидлади. Бинобарин, "Модель, яъни намунавий ҳужжатлар интеллектуал ва илмий жиҳатдан, амалий томондан ҳам умумий бойлигимиздир. Бу ҳужжатлар МДҲ давлатлари барча миллий парламентларининг бойлиги ҳисобланади".
Бугунги кунда ҳар бир мамлакат ўзига хос миллий хусусиятларга эга бўлса-да, модель ҳужжатлар фаол қўлланилмоқда ва янги қонунлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Акмал Саидов ана шу намунавий ҳужжатларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида МДҲга аъзо барча мамлакатлар учун устувор аҳамият касб этадиган энг асосийларини ажратиб олиш муҳим, деган таклифни билдирди.
Давра суҳбати якунида ушбу қамровдор мулоқот намунавий қонун ижодкорлиги тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилиш, шунингдек, минтақада ҳуқуқий интеграцияни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлгани эътироф этилди. МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси минтақа мамлакатларини бирлаштириш учун асосий платформалардан бири бўлиб қолаётгани ҳам таъкидланди.
Маърузачиларнинг чиқишлари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Иштирокчилар муҳокама қилинган масалалар юзасидан турли нуқтаи назарлар, далиллар ва фикр-мулоҳазаларни ўртага ташладилар.
Давра суҳбати ташкилотчилари қайд этганидек, ушбу мулоқотлар асносидаги барча таклиф ва хулосалар МДҲ мамлакатларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ҳуқуқий интеграцияни қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар учун асос бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.05.2025
- Кўришлар: 658
- Чоп этиш