Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

4 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси В.Фадеев билан учрашди.

Мулоқот асносида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўзаро имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида икки давлат институтлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал ва ҳуқуқий ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар. Инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий маърифат ва гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги долзарб масалалар бўйича экспертлар мулоқотини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

В.Фадеев икки мамлакат экспертлари иштирокида гуманитар масалаларга бағишланган қўшма давра суҳбатини ўтказиш ва таҳлилий материаллар тақдимотини уюштириш таклифини билдирди.

Томонларнинг малака ошириш ва илғор тажрибаларни алмашиш мақсадида соҳа мутахассислари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув-услубий материалларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлиги қайд этилди.

Учрашув якунида иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech