Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 19 июнь куни «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фармонга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари – хизмат вазифаларини бажаришда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлаш ва касбий маданиятини ривожлантириш орқали давлат органларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш механизмлари жорий қилинади.
Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:
-
очиқ ва адолатли танловлар асосида давлат хизматига энг муносиб кадрларни жалб қилади, шунингдек, уларнинг горизонтал ва вертикал кареравий ўсишига кўмаклашади;
-
давлат хизматчиларининг салоҳияти ва касбий компетенцияларини диагностикадан ўтказади ва натижаларига кўра ходимнинг портфолиосини шакллантиради;
-
талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва йўналишлар бўйича эҳтиёжларни ўрганади ҳамда ушбу йўналишда давлат хизматчиларининг хорижда мақсадли стажировка ўташи юзасидан буюртмаларни шакллантиради;
-
«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатларининг горизонтал ва вертикал кареравий ўсиши бўйича зарур чораларни кўради.
-
Бундан ташқари, ушбу йўналишда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ва «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ҳам вазифалари белгиланмоқда.
Соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагича тартиблар ўрнатилади:
-
давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади;
-
давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий «Давлат хизматига кириш» махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
-
диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади;
-
мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси – портфолиоси яратилади;
-
касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган «юмшоқ» ва «қаттиқ» кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди ва бошқалар.
-
Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда 2025 йил 1 августдан бошлаб янгича тартиб белгиланмоқда. Жумладан:
-
республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;
-
қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;
-
тест синовлари давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн тизим орқали ўтказилади.
Президент Фармони билан қуйидаги ҳужжатлар тегишли иловаларга мувофиқ тасдиқланди:
-
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси;
-
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари;
-
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури;
-
Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати;
-
Республика, ҳудудий ва туман даражасидаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри;
-
Миллий даражадаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри;
-
Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом;
-
Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида низом;
-
Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаларини бериш тартиби тўғрисида низом;
-
Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш тартиби тўғрисида низом.
Ўз навбатида, Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилиш ишларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланди. Президентнинг айрим ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши кўрсатиб берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.06.2025
- Кўришлар: 76
- Чоп этиш