19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида фан ва таълимнинг долзарб масалалари” мавзусида шўъба мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман “Рақамли трансформация даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги замонавий чақириқ ва таҳдидлар” халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида ташкил этилди.
Сессия ишида 10 дан зиёд мамлакатдан таниқли ҳуқуқшунос олимлар, жумладан, Туркия, Буюк Британия, Швеция, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва суд-тергов амалиёти соҳаларида фан ва таълим жараёнларига ихтисослашган 50 га яқин хорижий мутахассис иштирок этди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар вакиллари ҳамда юртимизнинг етакчи олимлари қатнашди. Айниқса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари, докторант ва изланувчилари алоҳида фаоллик кўрсатди.
Сессиянинг аҳамияти дастлабки амалий натижалар мисолида яққол намоён бўлди.
Биринчидан, тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Иккинчидан, ушбу сессия материаллари асосида махсус конференция материаллари тўпламини тайёрлашга киришилди.
Учинчидан, иштирокчилар орасида ўрнатилган халқаро алоқалар келгусида қўшма илмий лойиҳаларга асос бўлиши кутилмоқда.
Шўъба мажлисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида таълим ва илм-фаннинг ўрнини чуқур таҳлил қилиш ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатини оширишнинг инновацион йўлларини муҳокама этиш алоҳида диққат марказида бўлди. Шунингдек, рақамли трансформация даврида вужудга келаётган янги таҳдидлар ва имкониятларга муносиб ечимлар ишлаб чиқишга катта эътибор қаратилди.
Иштирокчиларнинг якуний хулосасига кўра, мазкур параллел сессия ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги таълим ва фаннинг жорий ҳолатини баҳолаш имконини берди. Янада муҳими, ушбу соҳанинг келажакдаги устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.06.2025
- Кўришлар: 87
- Чоп этиш