Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессияси бўлиб ўтди.
"Ислом ҳамкорлик ташкилоти дунё ўзгариши шароитида" шиори остида ўтказилган тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ИҲТ раҳбарияти ва тузилмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Саммит давомида ИҲТ кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, Истанбул декларацияси қабул қилинди.
Сессиянинг асосий натижаларидан бири, 2025-2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг тўққиз нафар янги аъзоси сайлови ўтказилганидир.
Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев уч йил муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
Ушбу воқеа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро дипломатияда эгаллаган мавқеи тобора ўсиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди. Мамлакатимизнинг кўп томонлама ҳамкорлик, исломий бирдамлик ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш принципларига содиқлигини намойиш этади.
Бундан ташқари, бу натижа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро институтлар билан ўзаро ҳамкорлигидаги муҳим босқич бўлиб, ИҲТга аъзо давлатларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия ИҲТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий эксперт органи ҳисобланади. Ушбу комиссия 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, уч йил муддатга сайланадиган 18 аъзодан иборат.
Комиссия ИҲТга кенг кўламли масалалар, жумладан, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, ижтимоий адолат, озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик муаммолари бўйича маслаҳатлар беради.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессияси қарорида Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди. Бу ўринда, жумладан, Фаластин халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, исломофобияга қарши курашиш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини илгари суриш, диний бағрикенгликни таъминлаш ва дунёда содир бўлаётган воқеаларга инсонпарварлик билан муносабатда бўлиш масалалари ҳақида сўз бормоқда.
Сессия қарорида акс этган муҳим воқеалар қаторида 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон томонидан ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ҳам алоҳида қайд этилган. Форум мисолида мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича глобал мулоқотни ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшганлиги таъкидланган.
Ўзбекистоннинг аъзолиги ИҲТ комиссияси фаолиятига Марказий Осиё минтақаси томонидан ҳам муносиб ҳисса қўшилиши имконини беради. Бу воқелик, шунингдек, ИҲТга аъзо давлатлар билан қонунчиликни такомиллаштириш, институционал ривожланиш, инсон ҳуқуқларига асосланган бошқарув ва таълим каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар очади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 193
- Чоп этиш