Миллий марказ вакили Брюсселдаги тадбирда иштирок этди

Адлия вазири ўринбосари М. Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Брюсселда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитасининг навбатдаги 21-мажлисида қатнашди.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор М. Тиллабоев ҳам бор.

Тадбирда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи вакиллари қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, кун тартиби доирасида Кичик қўмитада мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, сўз ва виждон эркинлиги, ҳуқуқ устуворлиги, коррупцияга ва терроризмга қарши курашиш, нолегал миграция каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумот учун: “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитаси 2002 йил январида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши мажлисининг қарори асосида таъсис этилган. Ушбу Кичик қўмита доирасида 2007 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам мулоқот олиб борилмоқда.

Кичик қўмитанинг асосий мақсади – мунтазам мулоқотни таъминлаш, келишувлар ижросини назорат қилиш, муаммоларни аниқлаш ва тегишли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech