“Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким”

Ўзбекистон Президенти 2025 йил 23 июнда имзолаган «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармон ана шу тамойилни рўёбга чиқариш мақсадига қаратилган.

Фармон муқаддимасида таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ваколатлари такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилиши белгиланган.

Бу борадаги ислоҳотларни янги, янада юқори босқичга кўтариш учун Президент Фармони билан 2 та ҳужжат тасдиқланди. Булар – Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ва Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”дир.

Концепцияга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • маҳаллий Кенгаш, уларнинг органлари ҳамда депутатларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, бюджет ва ҳудудларни режалаштириш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш;

  • аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни «маҳалла еттилиги» – туман (шаҳар) Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат» тамойили асосида кучайтириш;

  • маҳаллий Кенгашнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, қарорлар ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш;

  • маҳаллий Кенгаш депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш;

  • маҳаллий Кенгаш фаолиятининг ташкилий-институционал асосларини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

  • маҳаллий Кенгаш фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

  • Маҳаллий Кенгаш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, «E-Kengash» электрон платформасини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини муҳокама қилиб бориш тавсия этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech